22 январ куни Швецариянинг Давос шаҳрида АҚШ президенти Доналд Трамп бир нечта етакчилар иштирокида ўзининг Тинчлик кенгаши низомини ратификация қилди. Маросимдан кейин Доналд Трампнинг куёви ва собиқ маслаҳатчиси Жаред Кушнер Ғазонинг келажаги бўйича режаларини эълон қилди.

«Бизда бош режа бор… Б режаси йўқ,» деган Кушнер "New Gaza" деб атаган лойиҳасини слайдлар орқали тақдим этди. Бироз шошмашошарлик билан ўтгандек туюлган тақдимотда харитадаги турар жойлар, маълумотлар марказлари ва саноат боғлари учун ажратилган ҳудудлар кўрсатилган. Режага кўра, Ғазо бутунлай янгидан қурилади.

Рафаҳдан бошланадиган қурилишлар

Кушнер тасаввуридаги келажак Ғазосида Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб «соҳил туризми» зонаси барпо этилади. CNN нашрининг ёзишича, соҳилда узунлиги 180 тагача осмонўпар бинони сиғдира оладиган катта ҳудуд бўлиб, уларнинг аксарияти меҳмонхоналар бўлиши режалаштирилган.

Фото: Оқ уй матбуот хизмати

Ғазонинг жануби-ғарбий қисмида эса Миср билан чегара яқинида порт кўрсатилди, портдан ичкарида эса аэропорт учун зоналар белгиланган. Харитада белгиланмаган бўлса-да, бир неча километр жанубда 20 йил аввал Исроил вайрон қилган Ғазонинг собиқ аэропорти жойлашган.

Кушнер «Янги Рафаҳ» ва «Янги Ғазо» деб атаган икки йирик шаҳар лойиҳасини таъкидлади. «Янги Рафаҳ»да 100 мингдан ортиқ доимий турар жой, 200 дан зиёд мактаб ва 75 дан ортиқ тиббиёт муассасаси қурилиши режалаштирилган.

Фото: Оқ уй матбуот хизмати

«Янги Ғазо» саноат маркази бўлиши, 100 фоизлик бандликка эришиш мақсад қилинган. Компьютер графикаларида қилинган слайдда Сингапур ва Дубайни эслатувчи, сув бўйидаги ҳашаматли биноларидан иборат мегаполис тасвирланган.

Кушнернинг айтишича, қурилиш Исроил қўшинлари назоратидаги жанубий Рафаҳ шаҳрида «ишчи кучи учун уй-жойлар» қуришдан бошланади. У ерда вайроналарни тозалаш ва бузиш ишлари аллақачон бошланган.