Навоийда атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташланмалар чиқарган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирлик раҳбариятидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда Навоий шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавоси ифлосланиши сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан таъсирли чора кўриш бўйича ўрганиш ўтказилмоқда. Ўрганиш Экология вазирининг қатъий топшириғига кўра иккита йўналишда — Навоий шаҳрида кузатилган оқ тутун манбасини аниқлаш ҳамда шаҳарда саноат ташланмалари билан боғлиқ умумий экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида олиб борилмоқда. Қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.

Биринчи ҳолатда 19 июл куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланган. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингугурт икки оксиди (SO₂) белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар юқори экани маълум бўлган.

Шу куни соат 5:30 да (собиқ “Электрокимё” заводи худудида) “Sogda kimyo zavod”, “Ferrosplav” ва “Zarafshon industrial technology” МЧЖлар заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида концентранланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилган.

Ушбу корхоналарни текшириш давомида:

— “Sogda kimyo zavod” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратгани ҳамда қуриши жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларини ҳудудидан ташқарида жойлаштиргани, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётгани, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ релефга ташлангани, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётгани аниқланган. Атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўловлар белгиланган;

— “Ferrosplav” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосаси олмасдан фаолият юритаётгани, хомашёни эритишдан ҳосил бўлаётган ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилаётгани ва саноат чиқиндилари бетартиб тўпланаётгани аниқланган;

— “Zarafshon industrial technology” МЧЖ эса давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларни бажармагани, рухсат этилган меъёрдан водород сулфид 25 баравар, азот оксиди 12 баравар, аммиак 7 баравар, олтингугурт қўш оксиди 2,6 баравар, водород сулфид 40 баравар юқори экани ва олтингугурт сақлаш омборхонасида зарарли моддаларни сақлаш талабларига риоя этилмагани аниқланган.