Ўзбекистон | 10:00 / 30.01.2025
5456
2 дақиқада ўқилади

Бир қатор импорт дориларга бож жорий этилмоқда

Улар орасида антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи, яллиғланиш ҳамда вирусга қарши, гормонал ва бошқа препаратлар бор.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 1 апрелдан эътиборан айрим турдаги дори-дармонларни импорт қилишда божхона божлари жорий этилмоқда. Бу президентнинг 28 январдаги фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Ҳужжат билан 2018 йил 29 июндаги импорт товарлар учун божхона божлари белгиланган қарорга ўзгартиришлар киритилмоқда.

3004 (товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича коди) позициядаги товарлар учун бож ставкаси 0 фоиз даражасида бўлган бўлса, энди унга 2 фоиз миқдорида бож жорий этилади.

Ушбу тоифага терапевтик ёки профилактик мақсадларда фойдаланиш учун аралаш ёки аралашмаган маҳсулотлардан ташкил топган, дозаланган дори шакли шаклида қадоқланган (шу жумладан трансдермал тизимлар шаклидаги дори воситалари) ёки чакана савдо учун шакл ёки қадоқланган дори воситалари (3002, 3005 ёки 3006 товар позициялари товарларидан ташқари) киради.

Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига (HS Code) кўра, 3004 кодига кирувчи препаратларга қуйидагилар мисол бўлади:

  • тайёр шаклдаги антибиотиклар;
  • оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши дорилар;
  • вирусга қарши препаратлар;
  • гормонал дори воситалари;
  • кардиологик препаратлар;
  • қандли диабетга қарши дорилар;
  • антигистамин препаратлар;
  • ўсмага қарши воситалар;
  • дори воситаси мақомига эга витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар.

3004 кодига кирмайдиган препаратлар:

  • зардоб, вакциналар ва қон препаратлари (3002);
  • дори пластирлари ва боғлов материаллари (3005);
  • контраст моддалар ва диагностик реактивлар (3006).

3004 коди якуний истеъмолчига мўлжалланган дори воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишда қўлланилади (3003 коди остида юритиладиган фарматсевтик субстанциялардан фарқли ўлароқ).

Мавзуга оид