Скутер ва юк машиналарига доир тақиқлар, “радарлар” ҳамда ЙҲХХнинг бекор бўлаётган ваколати – Сенат янги ўзгаришларни маъқуллади
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгаришларга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг хизмат вақтида қоидабузарликни аниқлаган тақдирда шу жойнинг ўзида жарима қўллаши ваколати бекор қилинмоқда. Шунингдек, бир кишилик транспортларда одам ташиш ҳамда йўлнинг чап тарафида ҳаракатланган юк машиналари учун жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун билан “радарлар” қайд этган қоидабузарлик 48 соат ичида ЙҲХХга юборилмаса, ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан МЖтКнинг 171-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда.
Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда тез тиббий ёрдамга ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматларига муҳтож фуқароларга ушбу хизматлар зудлик билан кўрсатилишини таъминлаш мақсадида махсус хизматларнинг транспорт воситалари катта тезликда ёки йўл белгиларига риоя этмай ҳаракатланиши ҳолатлари ҳам мавжуд. Бундай ҳолатларда ушбу транспорт воситалари “радарлар”га тушади. Амалдаги қонунчиликка кўра, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда маъмурий иш тугатилиши белгиланган.
Муҳокама қилинган қонун билан ишни тугатиш учун тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.
Шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан, скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ва скутерлар ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу билан бирга, янги қонун билан ЙПХ ходимларининг хизмат ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.
Қонун билан қабул қилинаётган яна бир норма юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатлангани (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Амалдаги нормаларга кўра, ҳукумат қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган.
Сенатнинг маълум қилишича, ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмагани сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланмоқда ва бу ҳолат автомобил йўлларида тирбандликларга ва авария ҳолатлари содир бўлишига олиб келмоқда.
Жумладан, 2024 йилнинг ўтган 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани оқибатида 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатлангани учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, энди у президент томонидан имзоланса, ҳужжатнинг ўзида кўрсатилган муддатда кучга киради.
Мавзуга оид
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
13:20 / 17.12.2024
Россиядаги ЙТҲда 5 нафар ўзбекистонлик вафот этди
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
21:02 / 12.12.2024