Ғузор туманида мактаб ўқувчилари ғўза дефолиациясидан заҳарланди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан расмий ахборот берди.
Маълум қилинишича, 23 сентябр куни соат 11:45 ларда Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 22 нафар ўқувчиси кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.
Ўрганишлар натижасида аниқланишича, мактаб биноси жойлашган Янгиобод маҳалласига туташ ҳудудда “Шохмалик Шермурод ўғли” фермер хўжалигига тегишли жами 88 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 20 гектари мактаб атрофида жойлашган. Мазкур ер майдонларига пахта экилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, шу куни соат тахминан 9:00 ларда фермер хўжалиги томонидан пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида “Агро Аугрон” номли дори воситаси сепилган. Бунинг оқибатида мактабда бўлган 10–11-синфларнинг 22 нафар ўқувчиси ҳаво орқали заҳарланганлик аломатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган. Уларга бирламчи “Ошқозон диспепсия синдроми“ ташхиси қўйилган.
Ҳозирда 7 нафар ўқувчи Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанмоқда. Қолган 15 нафар ўқувчига соғлиғи яхшиланганлиги муносабати билан яшаш манзилига жавоб берилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси 1-қисми (зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган.
Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

















