Ўзбекистон президентининг фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ислоҳотнинг асосий мақсади мамлакатда таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича ишларни янги даражага олиб чиқишдан иборат.
“Шунингдек, таълимнинг барча турлари ўртасидаги ўзаро узвийлик ва бардавомликни таъминлаш, мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача барча босқичларни ҳамда илмий фаолиятни қамраб олган ягона самарали бошқарув тизимини жорий қилиш, унинг жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини ошириш кўзда тутилган”, дейилади хабарда.








