Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти томонидан ўтказилган “Фискал мулоқот” тадбирида иссиқлик таъминоти субсидияларини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Институт бўлим бошлиғи, иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори Учқун Абдуғаниев ўз тақдимотида иссиқлик таъминоти учун амалдаги субсидия тизими давлат бюджети учун катта харажат талаб қилаётганини айтди.

“Иссиқлик таъминотида амалдаги субсидия механизми барча истеъмолчиларга даромади ва мулкий ҳолатидан қатъи назар арзон тариф тақдим этишга асосланган. 2026 йилда республика бўйича иссиқлик таъминоти субсидиялари 3,8 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шундан 2,9 триллион сўм ёки умумий ҳажмининг 77 фоизи Тошкент шаҳри аҳолисига тўғри келади. Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти асосий маблағи бевосита давлат бюджети маблағларидан қопланади. Аҳоли базавий тарифнинг 20 фоиздан кам қисмини тўлайди. Қолган қарийб 80 фоизи бюджетдан қопланади”, – деди Абдуғаниев.

Таъкидланишича, юридик шахслар тарифларида ҳам ягона ёндашув мавжуд эмас. Бюджет ташкилотлари бошқа юридик шахсларга нисбатан бироз юқори тарифда ҳақ тўлайди.

Институт иссиқлик таъминотида ҳам ижтимоий норма жорий қилишни таклиф этяпти. Бунда, мисол учун, уй хўжалигида 60 квадрат метр ёки ҳар бир рўйхатдан ўтган яшовчига 16 квадрат метр ижтимоий норма деб олинади. Меъёрдан ортиқ майдон учун эса базавий тарифда тўлов ундирилади.

Базавий тариф – 1 Ггал учун 711,6 минг сўмни ташкил этади. Агар юқорида айтилганидек, бугунги кунда аҳоли базавий тарифнинг 20 фоизини тўлаётганидан келиб чиқилса, у ҳолда ижтимоий нормадан четга чиққанда 100 фоизлик тариф амал қилиши билан нарх бирданига 5 баробарга кўтарилади.

“Иккинчи ва кейинги уй-жойлар учун тўловни базавий тарифнинг 40 фоизидан ва босқичма-босқич 100 фоизгача етказиш, келгусида юридик шахсларни эса 60, 80 ва 100 фоизлик босқичлар орқали базавий тарифга ўтказиш таклиф этилади. Ўрта муддатли истиқболда субсидияни барча истеъмолчиларга бир хил тариф орқали бериш ўрнига Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали эҳтиёжманд оилаларга манзилли пул ёрдамини ажратиш мақсадга мувофиқ”, – дейди институт тадқиқотчиси.

Қўшимча қилинишича, Тошкентдаги хонадонларнинг қарийб 45 фоизи 60 метр квадратгача майдонда бўлгани сабабли, ушбу ўзгаришлар қабул қилинган тақдирда ҳам, уларнинг тўлов таркибида кескин ўзгариш бўлмайди.

“Бу ҳали фақат таклиф”

Мазкур тақдимотдан сўнг ижтимоий тармоқларда ва айрим ОАВда иссиқлик тарифлари бир неча баробар оширилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг Фискал таҳлиллар институти расмий баёнот билан чиқиб, муҳокамаларга аниқлик киритди.

Институтга кўра, тақдим этилган материаллар илмий-таҳлилий тадқиқот натижаси бўлиб, улар экспертлар муҳокамаси учун илгари сурилган ғоялардир.

Баёнотда таклиф ҳеч қандай расмий қарор, қонун лойиҳаси ёки норматив ҳужжат мақомига эга эмаслиги, айни пайтда амалдаги иссиқлик тарифлари ҳамда тўлов тартибига ўзгартириш киритилмагани таъкидланган.

Институт, шунингдек, таклифнинг мақсади тарифларни оммавий равишда ошириш эмас, балки давлат ёрдамини эҳтиёжманд оилаларга аниқ йўналтириш эканини қайд этди. Тадқиқотларга кўра, Тошкент шаҳридаги майдони 60 квадрат метргача бўлган квартираларнинг 45,4 фоизи учун тўлов тартиби ўзгармаслиги айтилган.

Баёнотда институтнинг асосий вазифаси илмий тадқиқотлар олиб бориш ва турли ёндашувларни муҳокамага тақдим этиш экани, ҳар қандай таклиф якуний ечим эмас, балки очиқ муҳокама учун илгари сурилган ғоя сифатида кўрилиши лозимлиги таъкидланган.