Хоразм вилоятининг Боғот туманида бир оиланинг 4 аъзоси заҳарланиб, вафот этди. Ҳолатни ҳодиса содир бўлган Маънавият маҳалласи раиси Kun.uz’га тасдиқлади.

Маҳалла раисининг айтишича, аёл ва унинг қизлари ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Аммо улар салатдан заҳарланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

“Оилада туғилган кун нишонланган. Эртаси куни аёл қизлари билан туғилган кун тадбиридан қолган салатни истеъмол қилган. Бу пайтда унинг турмуш ўртоғи уйда бўлмаган. Салатларни аёлнинг ўзи тайёрлаган бўлган”, дейди маҳалла раиси.

Вафот этган қизларнинг энг каттаси 7 ёш бўлгани айтилмоқда. Оилада уч қиздан бошқа фарзанд бўлмаган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-11-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Марҳумларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши таъминланиб, натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши билдирилган.