Фуқароларнинг тижорат мақсадида автомобил олиб кириши 1 апрелдан тақиқланиши мумкин
Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, кейинги ҳафтадан бошлаб, автотранспорт воситаси учун мувофиқлик сертификати кимнинг номига берилган бўлса, автомобилни божхонада фақат ўша шахснинг номига расмийлаштириш мумкин бўлади.
Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб автотранспорт воситаларини олиб кириш тартибида ўзгариш рўй беради. Бу ҳақда “Растаможка” Telegram-канали хабар бермоқда.
Каналнинг ёзишича, ҳукуматнинг тегишли топшириғига кўра:
- 2024 йил 1 апрелдан бошлаб автомашиналар бўйича мувофиқлик сертификати кимнинг номига берилган бўлса, ўша шахснинг номига импорт божхона режимига расмийлаштирилади.
- Бошқа жисмоний ёки юридик шахс номига берилган мувофиқлик сертификати асосида транспорт воситалари импорт божхона режимига расмийлаштирилмайди.
Шунингдек, божхона омбори режимидаги товарни бошқа шахсга ўтказиш нормасини автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмаслик бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш тўғрисида ҳукуматга таклиф киритиш топшириғи берилгани айтилмоқда.
Канал муаллифи мувофиқлик сертификати ва утилизация йиғими “ташқи савдони нотариф бошқаришнинг асосий инструменти бўлиб қолаётгани”ни қайд этган.
Амалдаги тартибга кўра, хорижда жисмоний шахс номига сотиб олинган автомобилни Ўзбекистонга олиб киргандан кейин уни божхонада юридик шахс (импортёр, автосалон) номига расмийлаштириб олиш ва “счет-справка” асосида бирламчи бозорда сотиш мумкин. Юқоридаги ўзгаришлар кучга кирган тақдирда, бундай имконият бўлмайди, автомобилларни фақат бирламчи харидор номига божхона расмийлаштирувидан ўтказиш мумкин бўлади.
Kun.uz бу борада маълумот беришни сўраб Божхона қўмитасига мурожаат қилди.
Эслатиб ўтамиз, декабр ойида хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни фақат дилерлар томонидан олиб кирилишига оид тартибни қайта тиклаш ва жисмоний шахсларнинг транспорт воситаларини тижорат мақсадида олиб киришини тақиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум бўлганди.
Аввалроқ “Ўзавтосаноат” билан бирга Жиззахда электромобил ва гибрид автомобилларни йиғишни ташкил этаётган BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Ўзбекистон иқлими ва йўл шароитларига мослаштирилмаган ҳолда, расмий кафолатсиз олиб кирилаётган BYD бренди остидаги автомобиллар импортини чеклашни сўраганди.
Мавзуга оид
08:10
Божхоначилар тўхтатиб қолган гиёҳванд моддалар миқдори 1 тоннадан ошди
17:07 / 24.12.2024
Хитойнинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси ҳажми камайди
11:25 / 23.12.2024
Хитойда 2024 йилнинг энг яхши автомобиллари эълон қилинди
08:15 / 23.12.2024