Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 9 442 та мактабни инвентаризациядан ўтказди.

Агентликнинг Delivery Unit жамоаси (Натижаларга эришиш бошқармаси) бу жараёнда мактаблар бинолари, томлари, электр, иситиш таъминоти тизимлари, ошхоналар, фаоллик заллари, ҳожатхоналарнинг техник ҳолати, шунингдек, девор, пол, дераза ва эшикларнинг ҳолатини баҳолаган.

Ўрганиш якунлари бўйича Kun.uz'га тақдим этилган маълумотга кўра, тадқиқот учун алоҳида веб-сайт яратилиб, мутахассисларга кадастр маълумотларига кириш имконияти берилган. Бир биноли мактаблар учун 55 та савол тузилган; бинолар қанча кўп бўлса, шунча кўп саволга (85 тагача) жавоблар олинган. Анкеталарни тўлдирганлар фамилияси, телефон рақами ва мактаб СТИРи орқали текширилган.

Мактаблар қуриш даврлар кесимида

Маълум бўлишича, ҳозирда мавжуд мактабларнинг энг қадимийси 1871 йилда Андижон шаҳри Мустақиллик маҳалласида қурилган. Янги таълим муассасалари қурилишнинг энг фаол босқичлари 1984-1989 ҳамда 2006-2009 йилларга тўғри келади, бу вақт давомида мос равишда 1391 та ва 1298 та мактаб барпо қилинган.

Ҳудудлар кесимида йиллар давомида мактаблар қурилиши / Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги

Сувсиз, канализациясиз мактаблар

Сўров натижаларига кўра, мактабларнинг 87 фоизида марказий канализация тизими мавжуд эмас.

“Ҳатто янги мактаб биноларида, жозибали кўриниш ва замонавий жиҳозлар мавжуд, реконструкция лойиҳасига мувофиқ бино ичида ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ҳожатхона ўрнатилган, бироқ маълум бўлишича, ҳожатхона қулфланган. Натижада мактаб ўқувчилари ҳам, ўқитувчилар ҳам кўп ҳолларда оддий санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган мактаб ҳовлисидаги ҳожатхоналардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда”, – дея қайд этган Delivery Unit.

Қолаверса, ўрганишларда мактабларнинг 53 фоизи марказлашган сув таъминоти билан таъминлангани аниқланган, қолган 47 фоиз мактаблар қуйидагича тақсимланган: 27 фоизи қудуқдан, 11 фоизи етказиб бериладиган сувдан фойдаланади ва 9 фоизида умуман сув йўқ.

Санитария-эпидемиология осойишталиги қўмитасининг 2023 йил бўйича тайёрлаган маълумотларига кўра, 2022 йилга нисбатан республикада вирусли гепатит А билан касалланиш икки бараварга ошган, мактаб ёшидаги болаларда 39 фоизни ташкил этган. Бунга эса айнан сув таъминоти, канализация, санитария ва гигиена билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлиши мумкин.