Ўзбекистонда болалар тагликлари мувофиқлик сертификатини олиш талаб этиладиган товарлар қаторига киритилиши ортидан, бу маҳсулот импорти сезиларли қисқарди.

Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги савдо расталари ва дўконларда бўлиб, ҳолатни ўрганди. Айни пайтда болалар тагликлари билан боғлиқ тақчиллик кузатилмаяпти, аммо нархлар қимматлашган.

Мажбурий сертификатлаш талаби

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги қарори билан, 2024 йил ноябр ойидан бошлаб хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби белгиланган.

Қарорга асосан, хавф даражаси юқори товарлар рўйхатига қуйидаги маҳсулотлар киритилган:

  • болалар учун сўрғичлар;
  • 3 ёшгача бўлган болалар учун бош кийимлар;
  • 3 ёшгача бўлган болалар учун кийим-кечак — пижама, ички шим, панталон, иссиқ кўйлак, ички кўйлак, майка, таглик, қалпоқча, слайдер, калта кўйлак, ички кийим, тугмасиз яктакча;
  • пайпоқли иштончалар (колготка), пайпоқлар, узун пайпоқ (чулки) ва ярим узун пайпоқлар (ярим чулки) ҳамда шунга ўхшаш 3 ёшгача бўлган болалар кийимлари;
  • намликни ютувчи материаллар (тагликлар), шунингдек, гигиеник пахта таёқчалар (бурун ва қулоқни тозалашга) ва болалар учун мўлжалланган шунга ўхшаш бошқа маҳсулотлар;
  • 3 ёшгача бўлган болаларни овқатлантириш учун идишлар;
  • тиш чўткалари.

Бу тартиб жисмоний шахслар томонидан белгиланган нормалар доирасида шахсий эҳтиёжлар учун олиб кириладиган маҳсулотларга татбиқ этилмайди.

Импорт кескин қисқарган

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-феврал ойларида аёллар ва болалар учун гигиеник прокладка ва тагликлар импорти 2112 тоннани ташкил этган. Бу – 2024 йилнинг мос даври (3826 тонна) билан таққослаганда, 1714 тоннага ёки 1,8 баробарга кам.

Бу тоифадаги маҳсулотларни олиб кириш қиймат жиҳатдан 2,7 баробарга камайган: икки ойлик импорт ўтган йилги 15,2 млн доллардан бу йил 5,6 млн долларгача қисқарган.

Маълумот учун, 2019 йилдан бошлаб ушбу маҳсулотлар импортига 10 фоиз ёки 1 кг учун камида 0,5 доллар миқдорида бож жорий қилинган.