Жамият | 14:08 / 21.07.2016
21282
3 дақиқада ўқилади

Суриялик қочқин: “Мени сўкмасликлари, урмасликлари, ўлдирмасликлари учун Швецияга келган эдим, афсуски, қаттиқ шокдаман”

Швециялик автобус ҳайдовчиси ўз йўловчиси – суриялик қочқинга “Мен сизларни ёмон кўраман, ярамас чўчқалар”, дея бақирди-да унга ҳужум қилди. Бу ҳақда The Local ёзмоқда.

Воқеа Швециянинг Эланд оролида, Боргхольм шаҳрига йўл олган Nobina компаниясининг автобусида юз берди.

Швециядан бошпана излаб келган суриялик қочқин бу ҳақда The Local газетасига сўзлаб берган. Унинг гапларига кўра, автобус бекатга келиб тўхтайди ва афғонистонлик бир қочқинни автобус салони ичига қўйишади, уни эса киритишмайди.

Шунда маҳаллий одамлардан бири қочқинни машинасига ўтказиб, кейинги бекатга олиб бориб қўяди ва у ўша ердан автобусга чиқиб олади.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, айнан мана шу автобус ҳайдовчиси илгари ҳам бошқа қочқинларни автобусга чиқармаган. Шу боис у ҳайдовчини суратга тушириб, хатти-ҳаракатлари ҳақида маҳаллий ҳокимиятга маълум қилмоқчи бўлади.

Автобус кейинги бекатга  яқинлашганда, ғазабланган автобус ҳайдовчиси ҳалиги суриялик қочқинни суратга олмоқчи бўлади. "Мен ҳам сенинг юзингни суратга олишни истайман. Нега йўқ бўлар экан? Ахир сен мени юзимни суратга олдинг-ку", дея бақирган у. Қочқин суратга тушмаслик мақсадида юзини беркитган. Шундан сўнг, ҳайдовчи уни бир неча марта урган. Буларнинг барини қўшни ўриндиқда ўтирган киши видеога олаётган эди.

"Нега ва қандай қилиб бу воқеалар содир бўлганига тушана олмаяпман. Мен билан Швецияда шундай бўлади, деб сира ўйламаган эдим. Бу иш мен учун жуда кутилмаган бўлди ва ҳамон ўзимга келолмаяпман", — деб ҳикоя қилади қочқин.

Унинг акаси Сурияда ҳалок бўлган экан. Швецияга эса ўтган йилнинг октябрь ойида келган. 

"Мен Суриядан мени уришлари, сўкишлари ва ўлдиришларидан қочиб Швецияга келган эдим. Аммо афсус, қаттиқ шокдаман", — деб қўшимча қилди у.

Nobina вакилининг The Local нашрига изоҳ беришича, ҳайдовчини ишдан четлатишган ва компания ички текширувларни бошлаб юборган.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади

Мавзуга оид