11:16 / 31.08.2016
32211

Илк Boeing-787 Dreamliner самолёти “Тошкент” аэропортига қўнди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2016 йилнинг 31 август куни икки Boeing-787 Dreamliner самолётидан бирини қўлга киритди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ранглари туширилган Boeing-787 Dreamliner авиалайнери бугун, соат 10:00да “Тошкент” халқаро аэропортида қўнишни амалга оширди. Шу билан Ўзбекистон авиакомпанияси Boeing-787 Dreamliner’нинг янги эксплуатантига айланди. 

Самолёт Сиетлдан Тошкентга 12 соат давомида тўғридан-тўғри парвоз қилди. Янги Boeing-787 Dreamliner’ни учувчи инструктор Иосиф Зак, самолёт қўмондони Асаджон Турсунов ва авиакомпаниянинг бош штурмани Станислав Гурфинкеллар бошқаришди. 

Ҳаво кемасини кутиб олишга бағишланган тантанали маросим Тошкентда давлат органлари ва авиакомпания раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтди. 

Янги самолёт узоқ ҳамда жуда узоқ халқаро йўналишларда эксплуатация қилинади ва Тошкент-Нью-Йорк йўналишида тўғридан-тўғри парвозларни амалга ошириш имконини беради. 

Boeing 787 Dreamliner — кенг фюзеляжли икки моторли реактив йўловчи самолёти. Йўловчиларнинг максимал сони: 250 нафардан 330 нафаргача.

Boeing компаниясининг таъкидлашича, Dreamliner аввалги самолётларга қараганда анча тежамкор бўлади. Boeing 787 бундай ўлчамдаги илк йўловчи самолёти бўлди, унинг фюзеляжи тўлиқ композит материаллардан тайёрланган. 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва Boeing компанияси икки Boeing-787-800 Dreamliner самолёти ва заҳира двигатели харидига доир шартнома тузган. 

Шартнома қиймати 246,4 миллион долларни ташкил қилади. Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт фонди самолётлар харидини молиялаштириш мақсадида 223,2 миллион доллар кредит ажратди. 

 

Top