Жаҳон | 17:41 / 31.08.2016
6456
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти мамлакат конституциясини ўзгартириш лозим деб ҳисоблайди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев конституцияга ўзгартириш киритишгина республикага чин маънода мустақил бўлишга имкон беради, деб ҳисоблайди. 

Июль ойида ҳукмрон парламент коалициясига кирувчи бир неча партиялар Қирғизистон конституциясига ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқишди. Президент Атамбаев ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Бироқ мамлакатдаги бир қатор сиёсатчилар президент атрофидаги кишиларни ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш манфаати йўлида Асосий қонунни қайта яратишга уринишда айблаб, бу ғояни қўллаб-қувватлашмади.

“Агар биз мамлакатимиз буткул мустақил бўлиши, Қумторни (йирик олтин кони) ўғирлаганлар қонун олдида жавоб бериши, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ислоҳоти охирига етказилиши, ҳукумат эса ҳар йили ўзгармай, барқарор фаолият юритишини истасак, у ҳолда конституцияни ўзгартириш керак”, - деди Атамбаев мамлакат Мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида.

Президентнинг таъкидлашича, 2010 йилда давлат тўнтарувидан кейин қабул қилинган конституцияда “авторитар режим яратиш учун барча шароитлар яратилган”. “Бу конституция муаллифларидан бирининг руҳий ҳолатидан келиб чиққан. Шу боис ҳам энг аввало уни ўзгартириш керак”, - деди у. 

Сўнгги 25 йил ичида Қирғизистон конституцияси саккиз марта ўзгарган. Конституциянинг жорий таҳририяти Венеция комиссияси томонидан тасдиқланган ва халқ референдумида қабул қилинган. Унда мамлакат Асосий қонунини 2020 йилгача ўзгартиришни тақиқловчи пункт бор. Жорий ўзгаришлар ташаббускорлари мамлакат бош вазирининг ваколатини кучайтириш ҳамда депутатлик фаолиятини бош вазир ёки бош вазир ўринбосари лавозими билан бирга олиб боришга имкон яратишни таклиф қилишмоқда. Мамлакатнинг суд тизими ва конституцион суд фаолиятига доир бўлимларга сезиларли ўзгаришлар киритиш кўзланмоқда. 

Мавзуга оид