Жаҳон | 11:56 / 05.09.2016
10526
2 дақиқада ўқилади

G20 саммити арафасида Ханчжоудан 2 миллион киши чиқиб кетган

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрини (Шарқий Хитойдаги, Чжэцзян вилояти маъмурий маркази) G20 саммити бошланиши арафасида шаҳар аҳолисининг 2 миллионга яқини тарк этган ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларига йўл олган ёки сафарларга жўнаб кетган. Бу маълумот Ctrip компанияси (Хитойдаги йирик туроператори) томонидан келтирилган.

Сайёҳларнинг 67 фоизга яқини ички йўналишларни танлаган. Кўпчилик шаҳар яқинидаги ҳудудларга йўл олди. Энг оммабоп сайёҳлик марказлари қуйидагилар бўлди: Санья, Куньмин, Сямэнь, Лицзян, Гуйян, Чанша ва Гуйлинь шаҳарлари, Хуаншань (Аньхой вилояти), Цзючжайгоу (Сичуань вилояти) ва Чанбайшань (Цзилинь вилояти) каби тоғлар.

Ханчжоу шаҳри ҳукумати саммит вақтида қатор чекловларни жорий этган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан алоҳида ҳудудларга фақат махсус гувоҳномага эга бўлган кишилар текширувдан ўтказилгандан кейингина қўйилмоқда.

"Шу туфайли шаҳар аҳолисининг катта қисми саммит ўтгунича шаҳардан ташқарига чиқиб туришга қарор қилган", дейилади Синхуа агентлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, G20 ("катта йигирмалик") – жаҳоннинг иқтисодий ва молиявий масалалари муҳокама қилинадиган энг катта музокаралар майдони бўлиб, жаҳоннинг энг иқтисодий ривожланган 20 мамлакатини ўз ичига қамраб олган. Ушбу 20 мамлакат ҳисобига дунё ЯИМининг 85 фоизи тўғри келади. 2013 йилда G20 саммитига Россия раислик қилган эди. 2014 йилда – Австралия, 2015 йилда эса – Туркия.   

Мавзуга оид