Сурия армияси Ҳалабда жангариларнинг кенг кўламли ҳужумини қайтарди
Сурия армияси бўлинмалари Ҳалаб жануби-ғарбида 20 сентябрга ўтар кечаси «Жабҳат ан-Нусра» гуруҳи жангариларининг ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда Суриядаги душман томонларни яраштириш марказига (Россия) таяниб ТАСС агентлиги хабар берган.
«Жабҳат ан-Нусра» жангарилари Ҳалаб жануби-ғарбида ҳужумга ўтишган эди. Ҳужум натижасида жангарилар Шайх-Масуд ва Ал-Шкейф ҳудудларида ҳукумат қўшинларини сиқиб қўйиб, «Кастелло» магистралининг 1 км бўлагини қўлга киритганди. Жангарилар шунингдек, Сурия араб республикаси қуролли кучларининг ҳудуддаги ҳарбий олийгоҳига ва 1070 кварталда ҳужум қилганди.
«Қарши ҳужум чоғида Сурия қўшинлари Россия ҳарбий-космик кучлари ёрдамида «Жабҳат ан-Нусра» террорчилари олд отрядларини тор-мор қилди, 4та танк, 3та пиёдалар жанговар машинаси, йирик калибрли пулемётлари бўлган тўққизта пикап ва 100 нафарга яқин жангарини йўқ қилди», — дейилади хабарда.
Сурия армияси 19 сентябрь кунининг иккинчи ярмида ўт очишни тўхтатиш бўйича тузилган сулҳ муддати тугагани ҳақида маълум қилди. Сурия қуролли кучлари бош қўмондонлигининг фикрича, террорчилар тинчлик режимидан жангариларни қайта гуруҳлаш ва ҳужумларни давом эттириш мақсадида қурол-яроғ тўплашда фойдаланди.
Сулҳ тартиби 12 сентябрь кунидан жорий этилганди.
Сулҳ бузилганидан кўп ўтмасдан Ҳалаб вилоятига юборилган БМТ ижтимоий конвойи ўққа тутилди. БМТ матбуот котиби Стефан Дуяричнинг сўзларига қараганда, конвой 31та автомобильдан иборат бўлиб, унинг 18таси ўққа тутилган ва ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.