Иқтисодиёт | 10:50 / 15.10.2016
12298
2 дақиқада ўқилади

«Навоий» ЭИИЗ Марказий Осиёдаги энг яхшиси деб топилди

Хорижий сармояларга оид fDi Magazine нашри дунёнинг энг яхши эркин иқтисодий ҳудудлари рейтингини тузиб чиқди. Ушбу рўйхатда биринчи ўрин БААнинг DMCC лойиҳасига тақдим этилган. У иккинчи йил глобал миқёсда энг яхши эркин иқтисодий ҳудуд деб топилмоқда. Осиёнинг яна бир вакили, Хитойнинг Шанхай шаҳридаги Waigaoqiao эркин савдо ҳудуди иккинчи ўринни эгаллаган. 

Мазкур рейтингга «Навоий» эркин индустриал иқтисодий ҳудуди ҳам киритилган бўлиб, у «Марказий Осиёдаги йилнинг энг яхши эркин иқтисодий ҳудуди» номинациясида биринчи, «Осиёдаги энг яхши эркин иқтисодий ҳудуд» номинациясида иккинчи ўринга муносиб кўрилган. 

Бундан ташқари, «Навоий» ЭИИЗ «Осиёнинг кичик ва ўрта бизнесни жалб қилиш бўйича энг яхши эркин иқтисодий ҳудуди» бўйича ҳам иккинчи ўринни эгаллаган. 

fDi Magazine журнали fDi Intelligence таҳлилий маркази томонидан чоп этилади ва Financial Times нашриёт уйи таркибига киради. Нашр бевосита хорижий инвестициялар глобал бозоридаги тенденциялар таҳлили ва прогнозларига ихтисослашган. 

«Навоий» ЭИИЗ Ўзбекистон Биринчи Президентининг 2008 йил декабрдаги фармони билан ташкил этилган. Унинг фаолият муддати 30 йил қилиб белгиланган, бироқ, бу муддатни узайтириш имконияти сақлаб қолинган. «Навоий» ЭИИЗ 564 минг гектар майдонга жойлашган бўлиб, ушбу давр мобайнида бу ерда имтиёзли божхона, солиқ ва валюта тартиби амал қилади, кириш-чиқиш ва у ерда туриш қоидалари соддалаштирилган тартибда юритилади. Шу билан бирга, энг кам сармоя 3 млн еврони ташкил этса, солиқ имтиёзи қўлланилади. 

Мавзуга оид