Ўзбекистон дунёда пахта толасини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мустақиллик йилларида пахта саноатини ривожлантириш, хом ашё етиштириш ҳажмини ошириш ва сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш борасида оқилона сиёсат олиб борилаётгани мамлакатимиз пахта бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашида муҳим омил бўлди, албатта.
Натижада Ўзбекистон ишончли ҳамда барқарор равишда пахта толаси ишлаб чиқарувчи давлатга айланди, жаҳон бозорида нарх ўзгаришларига қарамасдан, ўзининг юқори сифати билан ажралиб турувчи пахтани етказиб бериш кафолатланган ҳамкор мамлакат сифатида дунёга танилди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон пахта ишлаб чиқариш бўйича дунё мамлакатлари орасида 6-ўринда, пахта толаси экспорти бўйича эса 5-ўринда туради. Бу мамлакатда соҳани тубдан ислоҳ қилиш, янги технологияларни жалб қилиш, пахтанинг янги навларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг амалий ифодаси, дейиш мумкин.
Айтиш керакки, 2015 йил октябрь ойида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг ташкил этилиши соҳани янада равнақ топтириш, бозор муносабатлари ва корпоратив бошқарув усулларини такомиллаштиришда мустаҳкам қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Компания зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган бир йил мобайнида миқёси ва кўлами жиҳатидан катта ишларни амалга оширишга эришди. Пахта бозори конъюнктурасида тизимли маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, ишни комплекс ташкил қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш, пахта хомашёсини фермер хўжаликларидан қабул қилиб олиш ҳамда қайта ишлаш, унинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва сифат кўрсаткичларини такомиллаштириш, маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, саноатни янада ривожлантириш учун инвестицияларни кенг жалб этиш, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва экспорт географиясини кенгайтириш шулар сирасига киради.
Бу вазифаларнинг ижросида, айтиш жоизки, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси таркибидаги пахтани қабул қилиш ва қайта ишлашга йўналтирилган “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, пахта толасини сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти, чигитни қайта ишлаш ва пахта ёғини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти ҳамда муҳандислик ва технология, саноат учун инновацион ечимлар ишлаб чиқишга йўналтирилган “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг алоҳида ўрни бор.
Бугунги кунда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси юқорида қайд этилган мақсадлардан келиб чиқиб, яқин истиқболда бир қатор муҳим масалаларнинг ечимини топиш чораларини кўрмоқда. Аввало, танланган ғўза навларини экиш тизимини янада такомиллаштириш ҳисобига толанинг сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, жаҳон пахта бозорида долзарб саналган бирламчи пахтани қайта ишлашда унинг ифлослигини камайтириш ва ташқи кўринишини халқаро стандарт талабларига мослигини таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.














