Спорт | 08:24 / 08.11.2016
21417
1 дақиқада ўқилади

Мексикалик футболчи унга қизил карточка кўрсатган ҳакамни ўлдирди

Иллюстратив сурат

Мексиканинг Тулансинго шаҳрида 6 ноябрда ҳаваскорлик клубларининг учрашуви вақтида футболчи Рубен Ривера Васкес 59 ёшли ҳакам Виктор Трехони унга қизил карточка кўрсатгани учун ўлдириб қўйди.

Goal.com портали маълумотларига кўра, Васкес икки клуб футболчилари ўртасида чиққан жанжалда фаол иштирок этгани учун қизил карточка олган. Бундан дарғазаб бўлган футболчи ҳакам ёнига келиб, унинг юзига боши билан зарба берган. Шундан кейин ҳакам йиқилиб тушган.

Шифокорлар ҳакамга унинг шунчаки боши айланиб кетди деб ўйлаб, дарҳол ёрдам кўрсатишни бошлашган. Бироқ ҳакам ҳеч қандай тириклик аломатларини намоён қилмаган. Маълум қилинишича, футболчи воқеа жойидан қочиб кетган ва ҳозирда полиция томонидан қидирилмоқда.
 

Мавзуга оид