Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ислом динидаги кийиниш маданияти ҳақида мақола ёзди.

Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят). 

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда. 

Аврат ўринлари эркакларда киндикдан тиззагача бўлган жойни ўз ичига олади. Демак, мазкур жойларни беркитиш вожибдир. Имом Аҳмад ўзларининг «Муснад» номли ҳадис тўпламларида ривоят қилишларича, Жарҳад исмли саҳобий сонини очиб турган пайтда Набий алайҳиссалом унинг ёнидан ўтиб қолдилар ва «Эй Жарҳад, сонингни ёп(!), зеро, сон авратдир», дедилар. 

Мазкур ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб аксар уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари сон авратдир, дейдилар. Шундай экан, киши энг камида ўзгаларга баданининг мазкур жойларини очиқ ҳолда кўрсатмаслиги лозим. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади.

Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улар ҳақида қисқача сўз юритамиз.

1. Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим. 

2. Тор бўлмаслиги. Баъзи либослар терини кўрсатадиган даражада юпқа бўлмасада аммо, аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада тор бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.

3. Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ» тўпламларида Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар».