Жамият | 10:56 / 01.12.2016
8385
4 дақиқада ўқилади

ТИМИда “Биз тараққиёт ва ёрқин келажак учун овоз берамиз!” номли ёшлар акцияси ўтказилди

2016 йилнинг 29 ноябрь санасида Тошкент ирригация ва мелиорация институтида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши,  Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси ва Тошкент ирригация ва мелиорация институти ҳамкорлигида “Биз тараққиёт ва ёрқин келажак учун овоз берамиз!” номли ёшлар акцияси ташкил этилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати сайтида хабар берилган.

Дастлаб, акция доирасида тадбирни кириш сўзи билан институт ректори Хамидов Мухаммадхон Хамидович очиб берди ва тадбир меҳмонлари билан йиғилганларни таништирди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партиясидан кўрсатилган номзод Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг ишончли вакили Хожибоев Абдухаким Мўминович сўзга чиқиб,  акция доирасида юртимизда жорий йилнинг 4 декабрь санасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига муносиб тайёргарлик кўриш тўғрисида қисқача мулоҳазалар билдириб ўтиб, шундан сўнг номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти билан яқиндан таништирар экан, бевосита Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Тошкент ирригация ва мелиорация институти билан қарийб 15 йиллик фаолияти дастлаб талаба, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент ва Ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларига қадар бўлган тақдир йўлларини айни шу даргоҳда босиб ўтганликларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, йиғилганларни номзоднинг Дастури билан таништириб, суд, ҳуқуқ-тизимини ислоҳ этиш, ижтимоий соҳада қатор ислоҳотларни амалга ошириш, “Ислоҳот-ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсонлар учун” деган ғояларни умумлаштирувчи мафкурани илгари сурилиши, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, санъат, спорт  соҳаларини ривожлантиришимиз ва миллий давлатчилигимиз асоси сифатида ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратишни дастурил амал қилиб белгилаб олганликларига эътибор қаратди.

Шундан сўнг сўзга чиққанлар:  Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Д.Файзиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ф.Бобожонов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Шуҳрат Қаюмов ва ЎзДЖТУ ўқитувчиси Н.Яхёева Президентликка номзоднинг сайловолди дастурларида белгиланган устувор вазифалар юзасидан ижобий фикрларини айтиб ўтиб, барчани Президентликка номзод - Шавкат Миромонович Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Институт талабаси Ш.Нормуродов ўз чиқишида Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев Тошкент ирригация ва мелиорация институти ёшлари ва устоз мураббийлари, бутун жамоасининг фахри эканликлари, у институт талабаси бўлгани, ўз меҳнат фаолиятини шу ерда бошлагани, сўнг 27 йил мобайнида Республиканинг биринчи президенти, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёнида туриб, мамлакатнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшгани хақида гапириб, институт жамоаси - талаба-ёшлар, устоз-мураббийлар бугунги кунда мамлакатдаги барқарор тинчликни, халқимиз фаровонлигини, юртнинг келажакда буюк давлат бўлишини таъминловчи президент сифатида фақат Шавкат Миромонович Мирзиёевни кўришларини, институт ёшлари ва барча ходимлари нафақат институтда, балки яшаб турган вилоятларида, шаҳарларида, туманларида, қишлоқларида, маҳаллаларда ҳам шу хулосани халққа етказишларини ва бутун халқни республика келажаги учун,  Шавкат Миромонович Мирзиёев учун овоз беришга чақиришларини айтиб ўтди.

Мавзуга оид