Жаҳон | 15:20 / 09.12.2016
6076
2 дақиқада ўқилади

"Фукусима-1" ҳалокати оқибатларини бартараф қилиш харажатлари ошди

Фото: AP

Япониянинг "Фукусима-1" АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф қилиш харажатлари ҳамда жабрланганлар учун  компенсация тўловлари аввалги ҳисоб-китоблар билан солиштирганда икки баробарга ошади ва 21,5 триллион иенни (жорий курс бўйича 189,5 миллиард доллар) ташкил қилади. Бу ҳақида Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг бугун чоп этилган ҳисоботида маълум қилинди. 

Идора баҳоларига кўра, 8 триллион иен (70,5 миллиард доллар) реакторларни тўлиқ эксплуатациядан чиқариш ва ҳалокат оқибатларини бартараф қилишга сарфланади. Ҳалокат натижасида жабрланган ва эвакуация қилинган кишиларга ҳам тахминан худди шундай сумма тўланади. Қолган маблағлар тупроқни зарарсизлантириш ва радиоактив чиқиндиларни сақловчи иншоотлар қурилишига сарфланади. 

Япон ҳукуматининг режасига кўра, зарур харажатларни нафақат "Фукусима-1" АЭС оператори Tokyo Electric Power, балки бошқа, нисбатан майда энергокомпаниялар ҳам қоплайди. 

"Фукусима-1" АЭС ҳалокати 2011 йилнинг март ойида содир бўлган. Ўшанда цунами электр таъминоти ва совутиш тизимини ишдан чиқарган. 

Мавзуга оид