Ёшлик даврида ўз ишини йўлга қўйиш ва ҳаттоки кимнингдир стартапида иштирок этиш ҳақидаги фикр кўпчиликда қўрқув уйғотади. Эҳтимол, сиз таълим муассасалари, китоблар ёки интернетдаги амалий тавсиялардан бизнес ҳақида муайян маълумотга эгадирсиз, бироқ бизнесни юритиш асосларини назарий жиҳатдан тушуниш ва уни ҳаётий тажриба орқали англаш ўртасида катта фарқ бор.
Фаолиятингиз якунида сиз бой билимлар захирасига эга бўласиз ва ўзингиз учун юзлаб сабоқлар оласиз, лекин буларнинг бир қисмини эртароқ, энг яхшиси, 30 ёшгача ўзлаштириш мақсадга мувофиқдир.
InsiderPro ёшлик даврида эслаб қолиш муҳим бўлган ҳаётий ҳақиқатлар билан бўлишди.
1. Энг қадрлиси — одамлар

Амалий жиҳатдан олиб қараганда, муваффақиятли бизнесни ёлғиз қуриб бўлмайди. Сизга кенг имкониятларни очувчи, янги алоқаларни излашда ва қарорлар қабул қилишда ҳушёр бўлишга мажбур қилувчи кишилар жуда қадрлидир.
Сиз бу бебаҳо сабоқни карьерангизни бошлашдан аввал ўзлаштирсангиз, вақтингизни кераксиз кишиларга сарфламай, узоқ муддат энг яхши инсонлар билан ишлашга муваффақ бўласиз.
2. Муваффақиятсизликлардан қочиб бўлмайди
Қанча кўп нарса билишингиз ва қанча яхши тайёргарлик кўришингиздан қатъи назар, муваффақиятсизликлардан қочиб бўлмайди. Эҳтимол, сизнинг бизнесингиз омадли бўлар, лекин албатта шундай стратегиялар ва кампаниялар бўладики, улар режаларингизни барбод қилиб юборади, баъзи ғоялар эса ҳеч қандай натижа бермайди. Агар муваффақиятсизликка дуч келган пайтингизда бусиз бўлмаслигини яхши англаб етсангиз, уни қабул қилишингиз осонроқ бўлади.
Сиз бу тажрибага ўсиш ва ривожланиш учун сабоқ ҳамда имкон сифатида қарашингиз керак.
3. Вақт — энг қимматбаҳо ресурс
"Вақтинг кетди - нақдинг кетди" мақоли вақтдан ресурс сифатида фойдаланиш қандай кучга эга эканлигига ишора қилади. Масалан, бирор нарсани қанча эрта билсангиз, бундан даромад олишингиз ва лойиҳа устида ишлашингиз учун шунча кўп вақтингиз бўлади.
Бундан ташқари, бир суткада атиги 24 соат бор, ана шу вақтингизни қандай сарфлашингиздан келиб чиқиб, фойда оласиз. Бу ҳақиқатни қанча тез ўзлаштирсангиз, шунча кўп вақтингизни тежайсиз.

















