Жаҳон | 00:03 / 20.12.2016
12295
2 дақиқада ўқилади

БМТ, АҚШ ва ЕИда Россиянинг элчиси ўлдирилиши қораланди

Фото: Reuters

БМТда Россиянинг Анқарадаги элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши қораланди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.  

"Дипломатга ёки элчига ҳужум қилинишини оқлаб бўлмайди. Умид қиламизки, айбдорлар жавобгарликка тортилади", деб айтган Дюжаррик.

Қотилликка АҚШ Давлат департаменти ҳам муносабат билдирди. "Биз бу зўравонлик актини уни ким амалга оширганидан қатъий назар қоралаймиз", деб айтган департамент матбуот котиби Жон Кирби.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили  Федерика Могерини Туркия ҳукумати билан алоқада эканлигини маълум қилган. "Россия ташқи ишлар вазири Лавровга элчи Карловнинг ўлдирилиши туфайли ЕИнинг ҳамдардлигини билдирдик", деб ёзган Могерини твиттерда.

Карловга суиқасд Анқарадаги замонавий санъат галереясида содир этилган. Элчи бу ерга "Россия турклар нигоҳида" фотокўргазмасининг очилишига келган бўлган. У ўз нутқини якунлаётган вақтда қуролланган кимса унинг орқасидан ўқ узган. Элчи олинган жароҳатлардан ҳалок бўлган. Қотил турк кучлари томонидан йўқ қилинган.

Охирги маълумотларга кўра, қотил Анқара полицияси ходими бўлган. У галереяга киришда полициячи гувоҳномасини кўрсатган. Маълумотларга кўра, гувоҳнома қалбаки бўлиши мумкин. 

 

Мавзуга оид