Фото: Prezident.uz

Аввал хабар берганимиздек, Қирғиз Республикаси Давлат раҳбари Алмазбек Атамбоев амалий ташриф Ўзбекистонда бўлиб турибди. У ташрифини бевосита Самарқанддан шаҳридан бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.

Фото: Prezident.uz
Фото: Prezident.kg
Фото: Prezident.kg
Фото: Prezident.kg

Сўнгра, Президентлар "JV MAN Auto-Uzbekistan" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасига ташриф буюрдилар.

Олий мартабали меҳмон қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. 

Қирғизистон Республикаси Президенти замонавий стандартларга мувофиқ энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ва мамлакатимиз автомобил саноатининг муваффақиятини намоён этадиган ушбу корхона фаолиятини юқори баҳолади.

Фото: Prezident.uz

Олий мартабали меҳмон завод ҳудудида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобиллар, юк машиналари, трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди.

Форумлар мажмуаси саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиргани учун миннатдорлик изҳор этди. Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурмат ифодаси экани таъкидланди.