БМТ: Ҳалаб аҳолиси сони зиддият вақтида 2,5 баробар камайди
Суриянинг Ҳалаб шаҳри аҳолиси ўзаро қуролли зиддият вақтида 2,5 мартадан кўпроққа қисқариб, 4 млн кишидан 1,5 млн кишига тушган. Бироқ, шаҳар жангарилардан халос этилгач, унга минглаб оилалар қайтмоқда. БМТнинг Суриядаги гуманитар координатори в.б. Саджад Маликка асосланган ҳолда ТАСС агентлиги шу ҳақда маълум қилмоқда.
"Ҳалабда инқирозгача 4 млн киши истиқомат қилган. Ҳозирги кунда, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, шаҳар аҳолиси 1,5 млн кишини ташкил этади. Бу рақамга шаҳар ичкарисида кўчган 400 минг киши ҳам киради", - деган Малик шаҳардаги БМТ идорасидан амалга оширган видеомулоқотида.
Шу билан бирга, Саджад Малик Ҳалабнинг шарқий қисмида яшаётган кишиларнинг эҳтимолий сони хусусида ҳам бирор фикр билдиришга қийналган. БМТ ўтган йилнинг сентябрь ойида Сурия кучлари қуршовида 250 мингдан ортиқ инсон яшаётганини таъкидлаган, бироқ, кейинчалик бу рақам бироз бўрттирилганини тан олган эди. Қуролланган гуруҳлар ва ҳукумат ўртасидаги келишув натижасида декабрь ойи ўрталарида Шарқий Ҳалабдан 36 мингга яқин киши кўчирилди.
БМТ гуманитар координаторининг сўзларига кўра, Ҳалабнинг минглаб аҳолиси озод қилинган мавзеларга қайтмоқда. "Одамлар турли мавзеларга қайтишни бошлади. Уларнинг сони кунсайин ортмоқда", - деган Малик. Унинг сўзларига кўра, БМТ ва унинг ҳамкорлари тинч аҳоли вакилларини рўйхатдан ўтказаяпти. Шунга кўра, шаҳар аҳолиси ҳақидаги аниқ маълумот яқин кунларда пайдо бўлади.
Унинг айтишича, шаҳар инфратузилмаси бу қадар вайрон бўлганини хаёлига ҳам келтирмаган. "Ҳар бир мавзедаги инфратузилмаларга жуда жиддий талофат етган ёки бутунлай вайрон бўлган. Мактаблар, шифохоналар, клиникалар, йўллар, дўконлар, тураржой бинолари, тарихий ёдгорликлар бузилган".
Шунга қарамай, Маликнинг таъкидлашича, шаҳарда кенг қамровли гуманитар амалиёт олиб борилмоқда. Жумладан, 10 мингдан ортиқ бола полиомиелитга қарши эмланган, 20 минг инсон кунига икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда, 40 минг кишига янги нон тарқатилади.
Бундан ташқари, бир неча ойлар ичида илк маротаба ичимлик сувини етказиш тикланган.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024