Таҳририятимизга Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро шикоят билан мурожаат қилди.
Унинг сўзларига кўра, туман ҳудудида жойлашган Ёрқишлоқдаги Марварид кўчасида аҳоли ичимлик суви оладиган қудуқ бир ойдан бери ишламаётган экан. Аҳоли қўшни туман билан чегарадош бўлган Тўрабоддан сув ташиб келишга мажбур. Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, у ерга бориш учун 1-2 километрлик йўлни босиб ўтиш керак экан.
Фуқаро айни дамда 1000 дан ортиқ инсон сув танқислигига дуч келаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, одамларнинг муаммосини тезроқ ҳал қилиб бериш ўрнига вилоят “Сувоқава” ташкилоти 1500 сўмлик тариф пулларини йиғиш билан овора. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мамлакат пойтахти Тошкент шаҳрида кўчада жойлашган қувурдан сув олиш учун 402 сўмлик тариф белгиланган. Ўз-ўзидан савол келиб чиқади: нима учун пойтахтда 400 сўм-ку, Андижонда 1500 сўм?

Бундан ташқари, шикоят билан мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, Марварид кўчасидаги булоққа шунча йиллардан бери аҳолининг ўзи қараган, мутасадди ташкилот бунинг учун ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймаган. Фақатгина суратда кўриш мумкин бўлган “Сув” деган сўзни оҳак билан ёзиб кетишганини ҳисобга олмаганда... Маҳалла комиссияси эса яранинг устига туз сепгандек келиб, қўшимча пул йиғилишини билдирган. Улар бу пулларга махсус кран олиб келишини рўкач қилишган. Ваҳоланки биз билан алоқага чиққан фуқаронинг билдиришича, Собиқ Иттифоқ пайтида ўрнатилган қувурлар шунча йиллардан бери таъмирланмагани туфайли занглаб кетган. Уни кран орқали олишда унинг ёрилиб кетиши эҳтимоли жуда катта. Бу эса аҳолига яна қўшимча маблағ юкланишига сабаб бўлади.
Kun.uz сайти шу масала юзасидан Жалақудуқ тумани ҳокимлиги билан боғланди. У ерда биз билан мулоқотга чиққан туман ҳокими ўринбосари муаммолар қисман борлигини тан олди. Унинг сўзларига қараганда, туманнинг 65 фоиз аҳолиси сув билан тўлиқ таъминланган экан. Шунингдек, амалдор сув танқислигидан азият чекаётган Ёрқишлоққа ва умуман бундай муаммога дуч келган аҳолига ушбу масала юзасидан амалий кўмак бериш мақсадида 910 миллион сўм маблағ ажратилганини ҳам эслатиб ўтди.
Амалдорнинг айтишича, айни дамда бу ерга Қамбаротадаги булоқ суви қувур орқали тортиб келинаётган экан. Шунингдек, биз ундан аҳолидан олинаётган 1500 сўмлик тариф ҳақида сўраганимизда, у бундай нархлар вилоят ҳокимлиги томонидан белгилаб берилганини айтди.





















