Хабарингиз бор 7 январь куни Kun.uz сайтида Андижон вилояти Жалақудуқ туманидан сув муаммоси бўйича мурожаат қилган фуқаро шикояти бўйича мақола берилган эди. 

Таҳририятимизга телефон орқали алоқага чиққан фуқаро тумандаги Ёрқишлоқ қишлоғи Марварид кўчасида аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи қудуқ бир ойдан бери ишламаётганлиги оқибатида мазкур кўчада истиқомат қилувчи оилалар сувни 1 километр узоқликдан ташиб келиб ичаётганини билдирган.

Kun.uz мобил мухбири Жалақудуқ туманида бўлиб, Марварид кўчасида ичимлик суви муаммосини бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. 

Мақола эълон қилинганидан сўнг Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят “Сувоқава” ташкилоти ва туман ҳокимлиги мутасаддиларига мавжуд муаммони зудлик билан ҳал этиш бўйича тегишли топшириқларни берган бўлиб, айни пайт ҳудудда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган.

Марварид кўчасига борганимизда “Сувоқава” ташкилоти ишчилари ва маҳалла аҳлининг сув насосини созлаш ишлари билан шуғулланаётгани устидан чиқдик.

Вилоят “Сувоқава” ДУК бош муҳандиси Расулжон Тўланов ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Муқимжон Ниязовлар шу ерда тўпланган Ёрқишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдилар. Марварид кўчасидаги 123 хонадонда 593 нафар киши истиқомат қилади. Маҳалла фаоллари 9 январь куни сув қудуғига вилоят ва туман “Сувоқава” ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари билан сув тортиш насоси ўрнатилгани, натижада ичимлик суви билан боғлиқ камчиликлар тўла бартараф этилганини билдирдилар. Ҳозирда кўча бошидаги сув қувурига ичимлик суви тортилди. Энди аҳоли учун олисга бориб сув ташиб келиш муаммоси йўқ. 

Вилоят “Сувоқава” ДУК мутасаддиси Расулжон Тўланов фаоллар билан суҳбатда кўчадаги 1,2 км масофага ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳаси бўйича ишлар бошлангани ҳақида маълумот берди. Режага кўра келгуси икки ой давомида сув қудуғида лойиҳалаш ишлари олиб борилиб, кўчага сув тармоғи тортилади ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратилади.