Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Охирги пайтда «Бозор, бозор иқтисодиёти» сингари сўз ва жумлалар оғиздан тушмай қолди. Ҳамма ўз фикру тасаввурини айтмоқда, ўртоқлашмоқда, ўртага ташламоқда. Гап сўзлар ичида: «Бизнинг ота-боболаримиз савдогар ўтганлар, бу ишлар қонимизда, тарихимизда бор», деган фикрлар ҳам айтиляпти. Лекин ҳеч ким ўша ота-боболаримиз билган бозор нимаю ва не асосда собит бўлганлиги ҳақида бирор оғиз сўз айтгани йўқ. Эҳтимол бу шарқшуносларнинг вазифасидир, чунки маданий меросимиз таҳлилу тақдири уларга топширилган, ахир. Аммо бу соҳада ҳали қайта қуриш бўлгани, турғунлик йиллари қолипи шарқшуносларни ўзидан озод қилгани йўқ. Улар ҳозирги муҳим муаммоларни ҳал қилишга улкан маданий меросимиз тажрибаси асосида ўз ҳиссаларини қўшмоқлари зарур.

«Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин» нақлига хилоф бўлса ҳам, ушбу мавзуда баъзи мулоҳазаларни ўртоқлашишни ирода қилдим.

«Бозор иқтисоди» тўғри атама, «бозор иқтисодиёти» дейиш нотўғри. Иқтисодиёт – иқтисоднинг жами, иқтисод эса арабча сўз бўлиб, тежамкорлик маъносини англатиб, Ғарб халқларидаги «экономика» атамаси ўрнида ишлатилади.

Айни пайтгача бозор иқтисодининг ҳар бир омиллари ҳақида қайта-қайта гапирилиб, турли шарҳлар ҳам қилинмоқда. Лекин бозорнинг ҳақиқий омили – инсоний омил ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Ахир бозор иқтисодини амалга оширувчи, ундан фойда ёки зарар кўрувчи ҳам инсон-ку?!

Агар бозор иқтисодини амалга ошириш ҳалоллик, инсонийлик асосида бўлмаса, оқибати яхши чиқиши қийин. Буни кооперативлар мисолида кўрсак ҳам бўлади. Аслида уларга давлатнинг қўли қисқа бўлиб турган жойларда ёрдамчилик қилиш, халққа хизмат этиб, фаровонликни йўлга қўйиш учун рухсат берилган эди. Лекин булар пул орқасидан қувиб, ҳаром йўлдан бориб, муаммо устига муаммо қўшилишига олиб келдилар.

Ҳақиқатни айтганда, тўғри йўлга ўтиб олиш қийин бўлади. Инсон ўзини таниганидан буён ривожланиб, шаклланиб келаётган бозор иқтисодига энди ўтмоқчимиз. Йўл бошида турганимизда боболаримизнинг бу ишга муносабатлари қандоқ бўлган, улар буни қандоқ йўлга қўйганлар – шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида дуру гавҳардан азиз улкан маданий меросимизга мурожаат қилсак, деб ўйлайман.

Бизнинг ота-боболаримиз бу соҳада ўзига хос тенглама ишлатганлар: