Сайёрамиз тубига тушиш орзуси, худди инсонни коинотга юбориш режалари билан бир хилда амалга ошмай келмоқда. Хитойликлар 13-асрда 1200 метрлик тешик қазишган бўлса, 30-йилларда бурғулаш ускуналари пайдо бўлиши билан европаликлар уч километрлик ер тубига қадар тушишди, бироқ бу сайёра танасида ўзига хос “тирнаш” бўлди, холос.
Ер ташқи қобиғини бурғулаш глобал лойиҳа сифатида 60-йилларда пайдо бўлган. Мантия тузилмаси ҳақидаги назариялар алоҳида маълумотларга таянгандир. Ер тубига назар солиш бўйича ягона имконият бу ўта чуқур тешикларни бурғулашдир. Океан туби ва ер юзасидаги юзлаб ёриқлар олимларнинг бир қанча саволларига жавоб берди, бироқ улар ёрдамида турли назарияларни текшириш вақти аллақачон ўтди.

Siljan Ring (Швеция, 6800 м)
Швециядаги Сильян Ринг вулқонида 80-йилларнинг охирларида шу номдаги қудуқ қазилди. Олимлар айнан шу ердан нобиологик табиий газ манбасини топишга ҳаракат қилишган. Бурғулаш натижаси инвесторлар ҳам, илм-фан ходимларининг ҳам ҳафсаласини пир қилди. Саноат қамровларида ҳеч қандай газ топилмади.

Zistersdorf UT2A (Австрия, 8553 м)
Бир неча кичик нефть конлари бўлган Вена нефтгаз бассейни туманида 1977 йилда Zistersdorf UT1A қудуғи қазилди. Ердан 7544 метр чуқурликда чиқариш қийин бўлган газ захиралари топилди, биринчи қудуқ эса кутилмаганда бузилиб кетди ҳамда OMV компанияси 2-қудуқни бурғулашга қарор қилди. Бироқ бу сафар ҳеч қандай углеводород ресурслари топилмаган.

Hauptbohrung (ГФР, 9101 м)
Хауптборунг қудуғи Германияда жойлашган бўлиб, 1990-1994 йиллар давомида қазилди. 9 километрлик чуқурликка эга бу қудуқ дунёдаги энг катта чуқурлардан бири бўлиб, бунга бурғулаш маълумотлари ва илмий изланишлар туфайли эришилди.





















