Ўзбекистон | 07:45 / 07.03.2017
40783
3 дақиқада ўқилади

Тошкент чорраҳаларидаги камералар 15 мартдан жарима ёзишни бошлайди

Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага ҳаракатланиш хавфсизлиги йўналишидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида видео кузатув мосламалари ўрнатилган ва тизим  синов тариқасида фаолият кўрсатаётган эди. 

Эндиликда, шу йилнинг 15 март кунидан эътиборан, ушбу видеокамералар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш тизими синов тариқасида ишга туширилади. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи полковник Холматжон Сайдалиев маълум қилган.  

Шу билан бирга, камералар қайд этган қоидабузарликлар учун жарима тўлаш ҳақидаги қарор чиқарилгач, автомобиль эгаси 60 кун ичида маблағни тўлаши керак бўлади. Таъкидланишича, 15 мартдан эътиборан камералар қайд қилган қоидабузарликлар бўйича жарима қоғозлари транспорт воситасининг эгасига юборилади. Агар, транспорт воситасининг эгаси автомобилни ижарага берганини исботласа, машинани бошқарган шахс жаримага тортилади. Юридик шахсларга тегишли автомобиллар қоида бузгани аниқланса, ўша транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахсга жаримага солинади. 

“Синов тариқасида ишга туширилишининг сабаби шундаки, бу янгилик бизда илк бор қўлланилаяпти. 15 март кунидан бошлаб, қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг эгасига жўнатилади. Айнан мана шу иш жараёнида тизимдаги техникаларнинг ишлашини назорат қилиб оламиз. Юзага келадиган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз”, -  дейди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи. 

Чорраҳалардан олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги электрон табло ҳамда видеомониторларга чиқарилади. 

Тизимга киритилган чорраҳалардаги светофорлар ҳам детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади.

Шунингдек, светофорлар иш фаолиятини оптималлаштириш натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Натижада транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туришини 20-25 фоизга, транспорт воситалари двигателларидан чиқаётган заҳарли газларни 5-10 фоизга, ёнилғи сарфини 5-15 фоизга камайиши ҳисобига шаҳардаги экологик ҳолат анча яхшиланади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил бошидан Тошкент шаҳридаги 39та чорраҳада камералар синов тариқасида қоидабузарликларни қайд этиб келаётганди. 2017 йил 9 февралида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ИИВ ходимлари билан учрашувида Тошкент чорраҳаларидаги видеокузатув тизимини қисқа муддатда ишга тушириш вазифасини топширган эди.

Мавзуга оид