Кун.uz таҳририяти 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ижодий сафар уюштириб, раҳбарлар, мутасаддилар ва аҳоли билан мулоқот ўтказишда давом этмоқда. Таҳририятнинг навбатдаги сафари Бухоро вилоятига бўлди.

Сафар давомида, таҳририятга келиб тушган мурожаатларга кўра, қатор манзилларга ташриф буюрилди. Ана шундай жойлардан бири Бухоро шаҳридаги Кўксарой даҳаси эди. Маълумот ўрнида: бугунги кунда Бухоро шаҳрида 272 мингдан зиёд кишини ташкил этади. Шундан 82 фоизи ўзбек, 6 фоизи рус, 4 фоизи тожик, 3 фоизи татар ва бошқа миллатга мансуб кишилардир. Шаҳар ҳудудида 900дан ортиқ кўп қаватли уй жойлашган. 

У ерда жойлашган кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ширкатлар фаолиятида юзага келган муаммолар маҳаллий аҳоли вакиллари ва мутасаддилар билан бирга кўриб чиқилди. Мазкур ташриф давомида ижодий жамоага Бухоро вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати вакили Акбар Рустамов, Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Хатамов ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамроҳ бўлишди. 

Кўксарой даҳасида истиқомат қилувчи фуқароларнинг сўзларига кўра, ширкатлар муаммоларни бартараф этиш учун доим ваъда беришади, аммо ўша ишни бошида туриб амалга оширишга келганда сусткашликка йўл қўйишади. Кўп қаватли уйлар олдидаги йўллар масаласи аянчли бўлгани учун ёғингарчилик вақтида тўпланган сув ертўлаларга сизиб киради, бу эса намгарчиликни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, томлардан чакки ўтиши ҳам тилга олинди. Бунга томларда ўрнатилган йўлдошли антенналар сабаб сифатида кўрсатилди ва улар тезда олиб ташланишига ваъда берилди. Қолаверса, электр таъминотида кучланишнинг пастлиги сабаб лампочкалар ўчиб-ёниб, натижада тезда куйиб қолаётгани, кечаси уйларнинг кириш йўлаклари ва кўчалар қоп-қоронғи бўлиб қолиши ҳам тилга олинди.

Ўша ҳудудда истиқомат қилувчи аёл шундай деди: “Мана шу даҳада бирорта ҳам болалар майдончаси йўқ. Кичкинтойлар турли жойларда ўйнаб юришади. Қаерга боришса, шовқин кўтаришгани сабаб уларни қувиб солишади. Машина қатнайдиган йўлда ўйнаш эса жуда хавфли”.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига қулоқ осилса, уларни қийнаб келаётган масалалар етарли. Гаплар аччиқ-аччиқ, шиддатли, дардли... Аммо уларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатувчи ширкат эса негадур жим. Назаримизда, ислоҳотлар қаердан бошланиб, қаерга келган, кейинги манзил қаерда давом этади: булардан бехабардек. Эскича қараш, вазиятга эскича ёндашиш сақланиб қолган. Учрашув давомида ширкат раҳбари томонидан ваъдалар берилди, аҳоли вакиллари ишонтирилди.