Фан-техника | 16:59 / 10.03.2017
14448
2 дақиқада ўқилади

Samsung Galaxy S8 клони унинг асл нусхасидан аввал пайдо бўлди

Сўнгги пайтларда интернетда кенг тарқалиб бораётган Samsung Galaxy S8 флагман смартфонининг кўп сонли сурат ва видеолари хитойликларга янги қурилманинг тақдимотини ҳам кутиб ўтирмай, унинг клонини ишлаб чиқиш ғоясини берди. Афтидан, Samsung қурилмасининг янги процессорларини ишлаб чиқаришдаги узилишлар сабаб смартфон сотувларининг кечиктирилишидан (2017 йилнинг апрель ойи охирида) сўнг хитойлик тадбиркорларнинг сабри чидамаган кўринади. "24 Gadget" шу ҳақидаги маълумот билан бўлишди. 

Суратларга кўра, клон корпуси оригинал қурилманинг ташқи қиёфасини такрорлайди, бироқ у жуда қалин, пастки қисмида эса "эскирган" micro-USB ҳудуди мавжуд. Шунингдек овозли ассистент Bixby'ни чақириш тугмаси йўқ, олд камерадаги қора нуқталар эса фойдаланувчи учун ҳеч қандай фойда келтирмайдиган бутафория ҳисобланади. Унда Iris сканери ҳам ўрнатилмаган. «Samsung» логотипи эса бирйўла икки панелда акс эттирилган - афтидан бу таклиф қилинаётган қурилманинг оригинал эканига ишонтириш мақсадида шундай қилинган. 

Хитой интернет-майдонларидан сохта нусхани харид қилишни истовчилар топилмаслигига умид қиламиз, зеро у фақат ташқи кўриниши жиҳатидангина Samsung Galaxy S8'га ўхшаб кетади. Унда на юқори технологияли камера ва на тезкор бармоқ излари сканери бор. Хитойча Galaxy S8 қурилмасининг баҳосига ойдинлик киритилмаган.

Мавзуга оид