16 март куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, бугунги кунда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермаяпти.

«Тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмаслигича қолмоқда. Кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини, шунингдек, шошилинч тиббиёт соҳасида маҳаллий илмий-амалий ишланмаларни жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти», дейилган фармонда.

Шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, технологиклиги ва самарадорлигини тубдан кучайтиришга, аҳолига ўз вақтида малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича даволаш, илмий-методик ва таълим ишларининг бутун комплексини энг юқори даражада ташкил этишга йўналтирилган аҳолига шошилинч тиббий ёрдам бериш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб белгиланган:
мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва малакали кадрлар билан бутланган шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик ва самарали тизимини шакллантириш; 

шошилинч тиббиёт соҳасида илмий, методологик ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, ушбу мақсадларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тез тиббий ёрдамнинг республика хизматлари фаолиятига илғор технологияларни ва иш услубларини жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам тизимида аҳоли орасида ўлим ва ногиронликни пасайтиришга йўналтирилган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, диагностика воситалари ва усулларини, бирламчи тиббий-санитария ёрдамни ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларни даволашни кенг қўллаш; 

шошилинч тиббиёт соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш усуллари ва технологияларини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш асосида шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг бошқа вазирликлар ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан ўзаро тезкор ҳамкорлигининг самарали механизмларини жорий этиш; 

шошилинч тиббий ёрдам соҳасида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.