11 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу сафарги видеоселектор ўта танқидий руҳда ўтган.

«Кун.uz» манбасининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев мамлакатда ижобий маънода «фавқулодда ҳолат» эълон қилган. Дунё иқтисодиётидаги ноаниқлар, нарх-навони прогноз қилиб бўлмаётгани халқ хўжалигига эътиборни кучайтириш, 24 соат ишлашни тақозо қилаётгани ҳақида гапирган. Мажлисда бош вазир ўринбосари, Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексининг раҳбари Рустам Азимов сўзга чиқиб, дунё бозори конъюктураси ҳақида атрофлича тушунтириб берган ва президент томонидан таклиф қилинган чоралар зарурлигига далиллар келтирган.

Видеоселектор. Мажлисда муҳокама қилинган муҳим масалалар

Президент мажлисда деярли барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви раҳбарларини жиддий огоҳлантирган, баъзи амалдорлар ишдан бўшатилган.

Халқ таълими вазирлиги - У.И.Иноятов, Давлат рақобат қўмитаси - Д.А.Ҳидоятов, «Ўзфармсаноат» АК - М.М.Дўстмурадов, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У.З. Салимов ва бошқа бир қатор бошқарув органлари раҳбарлари белгиланган талаблар ва Вазирлар Маҳкамасининг регламентини қўпол равишда бузилишига йўл қўйгани айтилган.

Вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларнинг айрим раҳбарлари юритаётган иш услуби қоғозбозлик келтириб чиқараётгани таъкидланган. Марказий иқтисодий, молия ва банк органлари аппаратларида бюрократизм ҳолатларига барҳам берилмагани, хулосалар чўзилиб тайёрланиши оқибатида устувор вазифаларни амалий ва самарали ҳал этиш барбод қилинаётгани қайд этилган.

«Ушбу жиддий камчиликларни бартараф этиш учун Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.М.Ғаниев ва унинг ўринбосари Ш.А.Тўлаганов, шунингдек вазирлик аппаратининг бош бошқармалари ва бошқармалари раҳбарлари амалий чора-тадбирлар кўрмаяпти. Иқтисодиёт вазирлиги (Г.К.Саидова) ва Молия вазирлиги (Б.А.Хўжаев) томонидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси тизимини, республика соғлиқни сақлаш, олий таълим ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича ҳужжатлар туркуми пухта экспертизадан ўтказилиши таъминланмаган», деган президент.