Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг барча жабҳасида ислоҳотлар ўтказилмоқда. Булар ижтимоий-сиёсий, жамият бошқаруви, молия-иқтисод, маданий-гуманитар соҳаларнинг барчасини бирдек қамраб олмоқда. Шу ўринда, инсон турмушида ҳаётий муҳим роль ўйнайдиган пул муомаласи билан боғлиқ муаммолар ҳам ҳукумат эътиборидан четда қолгани йўқ. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, шунингдек, “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари фикримиз исботидир. 

Унга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловлар пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаслиги белгиланган эди. Бироқ, 1 мартдан кейин ҳам орадан деярли 2 ой ўтганига қарамай, бу қарор ижроси тўла бажарилган, дея олмаймиз. 

Гарчи, Марказий банк раис ўринбосари Шохруҳ Шоаҳмедов Тошкентнинг “Медиа Холл” мажлислар залида Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи чорак натижаларига бағишланган анжуманда “1 мартдан ҳамма жойда терминал ишлаётгани"ни қувонч билан қайд этган бўлса-да, аслида ундай эмаслигини барча жуда яхши англайди. Балки, Шоаҳмедовнинг “Ўрикзор”, “Абу-Сахий”, “Чилонзор” буюм бозорларидаги ҳақиқий аҳволдан хабари йўқдир. Майли бу масала, бошқа мақола мавзуси.

Кун.uz таҳририяти пластик карточкаларга хизмат кўрсатиш даражаси, сифатини баҳолаш мақсадида журналистик суриштирувини ўтказишга қарор қилди. Шу мақсадда, Тошкент шаҳрининг турли нуқталарида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган “Ипотека”, “Ипак йўли”, “Давр”, “Халқ банки” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБларининг шохобчаларига мурожаат қилди. 

Мақсад банк пластик карточкасидан (банкоматлардан эмас, банк кассаси орқали) нақд пул ечиб олиш масаласига ойдинлик киритиш эди.

Текширув жараёнида шу нарса аниқ бўлдики, ҳамон бирорта банкдан ўзингиз мустақил равишда кассага учрашиб (ахир, банкоматлар йўқ-да), ўз банк пластик карточкангизни шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан тақдим қилган ҳолда ҳам нақд пул ололмайсиз.