НҲТБТ порталида Иссиқлик қуввати, иссиқ ва совуқ сув сарфини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди, деб хабар бермоқда Norma.uz.
Ҳужжатда мазкур тадбирларни амалга оширишнинг қуйидаги схемаси назарда тутилади.
1-қадам. Иссиқлик ва ичимлик суви таъминоти ташкилотлари ҳар бир ҳисобга олиш приборининг қиёслашлараро интервал муддати ҳисобини юритишади, бир йил учун ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш режа-жадвали ишлаб чиқишади, олдинги қиёслаш даврининг амал қилиши тугашидан камида 30 кун олдин янги қиёслашдан ўтказиш зарурати тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилади.
2-қадам. Истеъмолчи хабарномани олганидан сўнг қиёслашдан ўтказиш ҳақидаги ариза билан ҳудудий таъминот ташкилотига мурожаат қилиши даркор.
3-қадам. Истеъмолчининг аризаси олингандан кейин 5 кун мобайнида таъминот ташкилоти ҳисобга олиш приборини ечиб олишга ваколат берилган ходимни юборади, у истеъмолчи билан келишган ҳолда гувоҳномани тақдим этиб, истеъмолчига 8:00 дан 20:00 гача келишга ҳақли.
4-қадам. Ҳисобга олиш приборини ечиб олишдан олдин ваколатли ходим приборнинг ўзини ва пломбанинг бутлигини текширади, ҳисобга олиш прибори ечиб олинган тақдирда 3 нусхада далолатнома тузади. Далолатномада истеъмолчи кейинчалик ҳисобга олиш приборисиз тармоққа уланган ёки уланмаганлиги кўрсатилади.
5-қадам. Ваколатли ходим ҳисобга олиш приборини ечиб олгандан сўнг 3 кун ичида давлат метрология хизмати органига уни топширади.
6-қадам. Давлат метрология хизмати органи 3 кун ичида ҳисоблагични қиёслашдан ўтказади, унинг натижаларига кўра сертификат расмийлаштирилади (қиёслашдан ўтказишнинг ижобий натижаларида) ёки таъминот ташкилотига ҳисобга олиш прибори носозлиги тўғрисида хабарнома юборади ва у таъминот ташкилотининг ваколатли ходимига топширилади (ҳисоблагич таъмирланиши ёки бутунлай алмаштирилиши мумкин).
7-қадам. Қиёслашдан ўтказилгандан кейин ҳисоблагични ўрнатиш тўғрисида ҳам 2 нусхада далолатнома тузилади. Улар таъминот ташкилоти ва истеъмолчида қолади.
Лойиҳага таклифлар:
Ҳужжатда таъминот ташкилоти томонидан ҳисоблагич қиёслашдан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида истеъмолчини огоҳлантириш механизмини батафсил ёзиш керак: хабарнома реквизитлари (ҳудудий таъминот ташкилоти раҳбарининг имзоси, муҳр ва ҳоказо), хабарнома тили (давлат тили, рус ва ўзбек тилларидаги икки тилдаги хабарнома ёки мазкур жойнинг аксарият аҳолиси сўзлашадиган бошқа тил ва ҳоказо), хабарномани жўнатиш усули (оддий хат, буюртма хат, курьер томонидан етказилиб, имзо қўйдириб топшириш ва ҳоказо).















