Кўринмас қирувчилар, атом сувости кемалари, жосус кемалар ва ҳатто учар кемалар — буларнинг барчаси ХХР ҳарбий қудратини намойиш этиш мақсадида ошкор қилинмоқда. Албатта, Хитой илк атом сувости кемасининг олқишлайдиган ҳеч қандай жиҳати йўқ эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида барпо этилган кема сершовқин бўлиб, сув остида ўқ уза олмасди, жамоа эса радиация таъсирига дуч келар эди. Ҳозирда, уни музейда кўриш мумкин, холос, дейилади Quartz нашрида эълон қилинган мақолада.  

Аммо, Хитой ўтган давр мобайнида ҳарбий техника ишлаб чиқариш соҳасида анча илгарилаб кетди. Мамлакатнинг замонавий сувости кемалари техник кўрсаткичлари билан ҳатто АҚШни ташвишлантирмоқда. ХХР эса ўз натижалари билан чекланиб қолаётгани йўқ. У сувости кемалари ишлаб чиқариш учун дунёдаги энг йирик кемасозлик заводини барпо қилмоқда. 

Тўғри, ҳарбий соҳадаги муваффақият фақат сувости кемалари билан ўлчанмайди. Хитой ҳамон кўплаб соҳаларда АҚШдан сезиларли орқада, унинг экспорт учун ишлаб чиқараётган қуролларининг ишончлилик даражаси саволларни туғдиради. Бироқ, унинг айрим жанговар техникалари жиддий тўқнашувда ўзига яраша таҳдид солиши билан маълумдир. Айтиш мумкинки, ХХР раиси Си Жинпингнинг ҳарбий соҳани модернизация қилиш дастури тўлиқ амалга оширилмоқда.

«Уча оладиган кема» 

Ўтган ҳафта дунёдаги энг йирик самолёт-амфибиянинг парвоздан аввалги синовлари ўтказилди. Хитой давлат авиация корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган AG600 ўлчами жиҳатидан Boeing 737 ҳаво кемасига мос келади ҳамда денгизда учиш ва қўнишга мўлжалланган. Шу билан бирга, у қуруқликдан ҳам ҳавога кўтарила олади. Компанияга кўра, бу самолёт денгиз қутқарув ишлари ҳамда ўрмон ёнғинларига қарши курашишда қўлланилади. У 20 дақиқада 12 тонна сувни бортига тортиши мумкин. Аммо, Пекиннинг Жанубий Хитой денгизига ҳудудий даъволари эътиборга олинса, 50 йўловчи ҳамда 4,5 минг кмгача уча оладиган самолётнинг денгиз патруллик ишларида қўл келиши шубҳасиз. Унинг қуруқлик узра илк парвози шу ойда амалга оширилади, денгиздан ҳавога кўтарилиши жорий йилда бўлиб ўтади. 

 

«Хитойда ишлаб чиқарилган» авиаташувчи кема 

Хитой узоқ йиллар мобайнида биттагина авиаташувчи кемага эга бўлиб келди. Бунинг изоҳи эса жудда оддий. Чунки, «Ляонин CV-16» совет даври Украинасига тегишли кеманинг қайта жиҳозланган намунаси эди. Лекин, ўтган ҳафтада Хитой ўзи ишлаб чиқарган илк авиаташувчи кемасини намойиш этди. Да­лянь портида турган ва ҳозирча номсиз кема ҳам Америка кемаларидан техник тавсифлари бўйича ортда қолади. хусусан, самолётларни тезлаштириш учун хизмат қилувчи катапульталар етишмайди, ядро ёқилғисида эмас, оддий ёқилғида ишлайди. Шу билан бирга, бу Хитойнинг илк субмариналари каби буюк келажак учун дастлабки қадамлар бўлиши мумкин.