Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларига бўлган муносабат Ўзбекистон мустақилликка эришгач Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан кескин ўзгарди. Албатта, ижобий томонга. Ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан улар учун янги қарорлар, фармонлар имзоланди, имкониятлар тақдим этилди. Айтиш мумкинки, бу хайрли ишлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам давом эттирилмоқда.
Аммо таҳририятимизга келиб тушган мурожаатлардан бири бир томондан жуда қайғули ва жуда ҳайратланарли. Унда тилга олинишича, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан бўлган фуқаро 1941 йилда урушга кетади. Уруш тугагач, яна армия хизматида бўлади. Бу орада унинг оила аъзоларига унинг бедарак кетгани ҳақида мактуб келиб тушади. Вақт ҳамма нарсага даво. Бора-бора қариндошлар бу шум хабарга кўникиб қолишади. Кунлардан бир кун у уйга қайтиб келади ва шундан буён то бугунга қадар унинг исми барча ерда – Тошкент ва Қаршидаги Хотира майдонларидаги китобларда ҳам, ҳокимият ва бошқа ташкилотлар рўйхатида ҳам “бедарак йўқолган”лигича қолиб кетди. Қуйида бобонинг набираси томонидан таҳририятимизга йўлланган мактубни ҳавола этамиз.

“Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Бешчашма” МПТ, Мирзатўп қишлоғида яшовчи Хидир бува Эшалиев 1926 йил туғилган. 1944 йил ҳарбий хизматга чақирилган. Ўша йилнинг 12 апрелидан собиқ иттифоқ армиясининг 125-зенит полки таркибида 1945 йилнинг 9 майига қадар немис-фашистларига қарши курашган. Ғалаба қўлга киритилгандан сўнг 1949 йилнинг 4 декабригача Қизил байроқли Болтиқ флоти таркибидаги 90648-сонли ҳарбий қисмда ўқчи вазифасида хизмат қилган.

Лекин ўша даврнинг талотўпларида нимадир бўлиб, бедарак йўқолганлар рўйхатига кириб қолган. 1949 йил ҳарбий хизматдан қайтиб келиб, Чироқчи тумани ҳарбий бўлимидан рўйхатдан ўтган бўлса-да, бедарак йўқолганлар рўйхатида тураверган. Қаршидаги ва Тошкентдаги Хотира майдонида ҳамда Қашқадарё хотира китобида ҳам бедараклар рўйхатида турибди...

Уни байрамларда, тантаналарда ҳеч ким йўқламайди. Чунки 1944 йил бедарак кетган деган хат келган. “Катталар”нинг кўзининг олдида 68 йилдан бери яшаб-ишлаб юрган бўлса ҳам бедарак. Чунки 44-йил шундай хат келган. Бобо ҳозир 91 ёшда. Буни қарангки, бедарак кетган деган одам қайтиб келса, яна 68 йил яшаса, уйланса, болали-чақали, невара-чеварали бўлса...ким ўзи у одам, деб сўрайдиган одам бўлмаса...
















