Жаҳон | 17:42 / 14.05.2017
7991
3 дақиқада ўқилади

Бутунжаҳон савдо ташкилоти раҳбари Ипак йўли лойиҳаси муваффақияти шартларини айтди

Фото: РИА "Новости"

«Бир макон, бир йўл» ташаббусининг амалга ошиши кўп жиҳатдан Хитойга боғлиқ, ушбу умумбашарий лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошиши учун Пекиннинг қилиши мумкин бўлган энг хайрли иш — ўз иқтисодий юксалишини ошириб бораверишидир, — деди Бутунжаҳон савдо ташкилоти бош директори Роберто Азеведо.

Евроосиё бўйлаб имтиёзли шартларда тўғридан-тўғри юк ташиш учун савдо йўлаклари яратишни назарда тутадиган ушбу лойиҳанинг асосий инвестори ва бош ташаббускори Хитой ҳисобланади. Якшанба куни бўлиб ўтган форумда ХХР раиси Си Цзинпинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасига Хитой инвестициялари ҳажмини янада ошириш ниятини ошкор этди.

«Бир муддат умумбашарий иқтисодиёт Хитойнинг иқтисодий ўсишидан катта фойда олган эди, фикримча, ҳозирги тартиб ҳам Хитой барқарор ўсиш даражасини сақлаб қолишига бўлган ишончга асосланган. Ўшанда жаҳон иқтисодиёти Хитой билан биргаликда биз айни дамда яна дучор бўлган мана шундай турғун вазиятдан чиқиб кета олган эди. Энди эса биз умид қилишимиз мумкин бўлган энг яхши ҳолат — яқин келажакда Хитойда янада тезроқ ўсиш рўй беришидир», — деган Азеведо CGTN телеканалига берган интервьюсида, Си Цзинпиннинг сўзларини изоҳлар экан.

У, шунингдек, Хитой ҳукуматининг паст турмуш даражаси билан боғлиқ муаммоларни ечишдаги муваффақиятини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди: «Биз сўнгги 40 йил ичида Хитой 800 миллион кишини қашшоқлик чангалидан қандай қутқариб чиқарганига гувоҳ бўлдик ва ўйланманки, буларнинг барчаси савдо салоҳияти туфайли юз берди, бу ерда жуда кўп нарса савдо ва ўзаро алоқаларга асосланган». БСТ бош директори бошқа давлатлар ҳам бу муаммони ҳал қилишда Хитой моделидан фойдаланиши кераклигини қўшимча қилди.

Азеведо шунингдек, ташкилот Хитой ҳукумати билан битим имзолагани ва унга кўра, Пекин БСТ билан ҳамкорликда нафақат корхоналарга, балки савдо инфратузилмаси яратилишига муҳтож бўлган Ипак йўли давлатлари ҳукуматларига ҳам техник кўмак бериб боришини таъкидлаб ўтди. «Биз уларга кичик ва ўрта корхоналар бизнеси учун қулай шароитлар яратишда ёрдам қўлини чўзмоқчимиз», — дея ўз фикрини якунлади Азеведо.

Мавзуга оид