2017 йил 10 май куни «Digital Panda» маркетинг агентлиги «Cinzzano Terazza» ёзги майдонида тадбир уюштирди. Кечанинг энг асосий меҳмони «Mail.ru Group» бўлиб, Ўзбекистондаги йирик компания вакилларига ўз ресурсларидаги реклама имкониятлари ҳақида тақдимот кўрсатишди.  

«Digital Panda» интернетда брендларни тарғиб қилиш билан шуғулланади ва у ўз мижозларига  mail.ru ва ok.ru реклама майдонлари учун эксклюзив имконият эшигини очади.  

Тадбирга чақирилган меҳмонлар «Оддий кечадан-да қизиқроқ» сўзлари ёзилган таклифномани олган эдилар. Бу ваъда амалда ўзини оқлади, меҳмонлар нафақат завқ олишди, балки  digital-рекламалар соҳасидаги долзарб статистикалар билан ҳам танишишди.

«Digital Panda» раҳбари - Рушана Максумова кечанинг ишчи қисмини очиб берди. Унинг сўзларига кўра, тадбирнинг асосий мақсади - ҳамкорлар ва мижозларга ёқимли кеча совға қилиш, барчани бир ерга йиғиш, ўзаро суҳбат қуриб, ғоялар билан ўртоқлашиш. Ахир барча бир-бири билан таниш, бироқ бир ерда камдан-кам ҳолдагина кўришишади.

 
Mail.ru Group компаниясининг вакиллари – хорижий ҳамкорлар билан ишлаш бўйича гуруҳ раҳбари - Екатерина Ерошенко ҳамда мижозлар билан ишлаш бўлими бошлиғи – Александр Конев mail.ru ва ok.ru майдонидаги имкониятлар тўғрисида тақдимот ўтказишди.

«Миллий маркетинг маркази» ассоциациясининг бошқарув раиси – Диёр Мирзааҳмедов жуда ҳам позитив руҳда чиқиш қилди. У ўз нутқида бу глобал жараённинг бошланиши эканлиги, унинг асосида яхши инсонлар ва компаниялар туришини қайд этди. Шунингдек, у ўз эҳтиромини ҳам билдирди.  

Кечанинг ишчи қисмини «Digital Panda» асосчиси - Сардор Жўраев ёпиб берди ва тадбирдан кўзланган мақсад - маркетинг, дижитал ва  АT соҳаларининг вакилларини таклиф қилиб, уларга «Mail.ru Group» компаниясининг имкониятларини таништириб, агентлик нафақат ўз компаниясига қизиқиш уйғотишда, балки «Mail.ru Group» ресурсларига имконият яратишда ҳам барча учун очиқ эканлигини таъкидлаб ўтди: «Мен «Mail.ru Group» Ўзбекистон бозорида истиқболли келажакни кўраётганидан ва мастер-класс ҳамда анжуманлар ўтказиш учун мамлакатимизга ўзининг расмий вакилларини юбораётганидан мамнунман».