Washington Post нашри АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ҳафтада Оқ уйда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашув вақтида унга ИШИД бўйича маълумотларни маълум қилгани ҳақида мақола ёзди.
Газета ўз номини ошкор этишни истамаган манбаларга таянган ҳолда ёзишича, бу ўта махфий маълумотлар бўлган, манбалар бу айнан қандай маълумотлар эканига ойдинлик киритишмаган.
Нашрнинг ёзишича, Трамп Лавровга хорижий ҳамкорлар томонидан тақдим этилган разведка маълумотларини берган.
Хабарда тасдиқланишича, бу маълумотлардан АҚШ ҳарбий амалдорларининг бир неча нафаригина хабардор эди. Шунингдек, ахборотларни тақдим этган ҳамкор давлат бу маълумотларни бошқа билан бўлишишга рухсат бермаганди.
Трамп Лавров билан учрашувдан кейин Марказий разведка бошқармасига ҳамда Миллий хавфсизлик агентлигига қўнғироқ қилиб, вазиятни муҳокама қилган.
Оқ уй инкор этади
Оқ уйдагилар бу маълумот ёлғонлигини маълум қилишди.
«Бу ёлғон мақола. Президент фақат икки давлатга ҳам хавф солиб турган таҳдидларни муҳокама қилди», деган президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Дина Пауэлл.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси генерал Герберт Макмастер ҳам масалага жиддий ёндашди.
«Улар айтаётган гапларнинг бари ёлғон. Президент ва Россия вазири террорчилик ташкилотларидан мавжуд хавфлар, шунингдек, авиация хавфлари тўғрисида суҳбатлашишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам разведка маълумотлари ошкор этилмайди, ҳарбий амалиётлар режалари маълум қилинмайди», деган Макмастер.
АҚШ давлат департаменти бошлиғи Рекс Тиллерсон ҳам бу маълумотни инкор этди. У президент россиялик сиёсатчи билан терроризмга қарши кураш масаласин муҳокама қилгани ҳақида айтди.
Демократлар муносабати
Америка жамоатчилиги ушбу янгиликка тезда муносабат билдирди. Спикер Пол Райан президент маъмуриятидан дарҳол изоҳ талаб қилди, демократлар Трампни танқид қилишни авж олдиришди.
Сенатор-демократ, Конгресснинг разведка қўмитаси раиси ўринбосари Марк Уорнер бу ҳолатни «разведка мағлубияти» деб атади.
«Агар бу рост бўлса, разведкамиз учун шармандали мағлубиятдир. Разведка манбалари ҳамда усулларини русларга очиқлашни оқлаб бўлмайди», дея ёзган у ўз твиттерида.
















