Бугунги кунда интернет оламининг қулайликлари кун сайин ортгани билан ундан бузғунчи мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб, ижтимоий тармоқлар ёвуз кучлар қўлида даҳшатли қуролга айланиб қолмоқда. Интернет орқали “Кўк кит”, “Китлар денгизи”, “Тинч уй”, “Бой хонимлар” каби номлар билан аталган ҳамда мақсади ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундайдиган ўйинлар кенг тарқалмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Тўхташев Қонунчилик палатаси расмий сайтида.
Аниқланишича, ушбу ўйинга аъзо бўлгач ўсмирларга турлича, хусусан, «бирор бир нарса»нинг суратини чизиш, серқатнов кўчадан автомобиллар яқин қолганида олдидан югуриб ўтиш ва бу жараённи бевосита видеотасвирга олиш, танасига турли суратларни пичоқ ёрдамида кесиш йўли билан чизиш, улар юборган мусиқани кеча-ю–кундуз тинимсиз тинглаб юриш каби топшириқлар берилади.
«Ўлим гуруҳи»нинг топшириғи эса, асосан тонгги 4:20-4:50 атрофида берилиши, уларга сўнгги вазифа беришда, «бу туш экани, шартни бажариши билан уйғониши ва натижаси қандай бўлганини билиш мумкин»лиги каби гипноз усулларидан фойдаланилади. Уларнинг топшириғини бажарган шахслар охир-оқибат содир этаётган ҳаракатлари натижасида ўз жонларига қасд қилишмоқда.
Мазкур ҳаракатларни жамият учун хавфи жуда юқори бўлганлиги сабабли ўзини-ўзи ўлдиришга ундаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормани жиноят қонунчилигига киритишни даврнинг ўзи тақазо этмоқда.
Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “Кўк кит” ўйинининг 15-босқичига етиб келган, 5 нафар ўқувчиларнинг ҳаётлари сақлаб қолинган.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ишчи гуруҳи йиғилишларга ички ишлар, Олий суд ва Бош прокуратуранинг амалиётчи мутахассислари жалб этилди ҳамда қонун лойиҳаси жамоатчилик жалб этилган ҳолда кенг муҳокамалардан ўтказилди.
Хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда бир қатор, яъни Белоруссия, Арманистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби давлатларда ўз жонига қасд ёки суиқасд қилишга ундаш жиноятлари учун жавобгарлик белгилангани аниқланди.














