Таҳририятга яна мактуб келди. Унда сайт ўқувчиларидан бири гўшт қимматлашгани ҳақидаги мақолага муносабат билдирган. Қуйида ушбу мактуб ўзгартиришларсиз нашр этилган.

Кун.уз сайтида 22 май куни эълон қилинган, Тошпўлат Раҳматуллаев муаллифлигида «Гўшт нега қимматлашди?» номли мақолани ўқиб, унга бироз қўшимча қилишга жазм этдим. 

Истаймизми-йўқми, гўшт — инсон учун энг зарур ва фойдали маҳсулот. Бугун аҳолини ушбу маҳсулот билан таъминлаш қай даражада амалга оширилди ёки амалга оширилмоқда? 

Келинг, аввал гўшт, яъни қорамол етиштириш соҳаси билан ҳам озгина қизиқиб кўрамиз. Зеро, бу иш билан шуғулланмай туриб, «гўшт қимматлаб кетди», дея бунинг сабабини фермер ёки қассоблардан кўриб, улардан шикоят қилишдан осони йўқ.

Мен ўзим ушбу соҳа билан қўшимча даромад манбаи сифатида шуғулланаман. Ҳозирча жуда кўп бўлмаса-да, йилига халқимиз дастурхонига тахминан 1,5 тонна атрофида гўшт етказиб бераман.

Бир бош қорамолни олиб, то уни қассобнинг дўконига етказиб бергунча қанча меҳнат кетади? 

Ҳозирги кунда боқишга ярайдиган энг арзон мол тахминан 2,5–2,7 млн. сўм. Уни камида 100 кундан 150 кунгача боқиш керак. Бу вақт ичида бир бош қорамол 700–800 минг сўмлик ем-хашак ейди. Умумий харажат 3,3–3,5млн сўмга айланади. 

Молдан эса 180 кг атрофида гўшт олиш мумкин. Қассоб уни 26 минг сўмдан сўйиб олади. Тери, калла-поча, жигарлар учун боқувчи 1 сўм пул олмайди. Шунда фермер молни тахминан 4,5 млн. сўм атрофида пуллайди. 3–5 ойда қоладиган фойда — 800 минг–1 млн. сўм атрофида. 3–5 ойлик меҳнат учун 1 млн. сўм бироз камтардек туюлади, бироқ «борига барака», дея аҳолининг ишсиз қатлами асосан шу иш билан шуғулланаяпти.

Энди ўйлаб кўринг: агар шу ишсиз аҳоли мана шу даромаддан ҳам қисилса, қандай вазият юзага келади?

Фермер ёки қассобга босим ўтказилавергани билан масаланинг ечими топилмайди, ишонинг. Чунки ечим бошқа жойда — ЕМда!

Бугунги кунда 1 кг кепак нархи 1100 сўм. 1 кг шелуха 1100 сўм эди, лекин у ҳам йўқ. Шротни ҳам охирги марта килосини 1600 сўмдан кўрган эдим. Бунга ҳам чамаси 2 ой бўлди. Ҳозир емхоналарда кепакдан бошқа ем йўқ. 

Хўш нима қилиш керак? Одамлар кафеларга, новвойхоналарга бориб муддати ўтган, сифати бузилган нонларни сотиб олиб, молига беришаяпти. Бошқа илож йўқ! Тирикчилик қилиш керак-ку?! Қаердадир ем маҳсулотларининг завод нархларини ўқиб қолгандим ва у ем шохобчалардаги нархлардан деярли 2 баравар арзон эди. Мана бу энг биринчи ҳал қилиш керак бўлган масала. Илтимос, ишни фермер ёки қассобдан бошлашга шошилманг.