Ўзбекистон | 16:00 / 11.06.2017
26814
2 дақиқада ўқилади

Гуттериш дунё аҳлини Орол денгизи фожиасидан тўғри хулоса чиқаришга чақирди

Фото: UN

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гуттериш 10 июнь куни катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда бўлган Орол денгизини бориб кўрди. Гуттериш дунё аҳлини бу фожиадан тўғри хулоса чиқаришга ва унинг такрорланишига йўл қўймасликка чақирди. БМТ расмий сайтида шу мавзудаги мақола чоп этилди

"Орол денгизининг қуриши иқлим туфайли эмас, сув ресурсларининг инсон томонидан нотўғри бошқарилиши натижасида рўй берган", - деди Гуттериш қачонлардир порт шаҳар, ҳозир эса "кемалар қабристони" бўлган Мўйноқни бориб кўрганидан сўнг.

"Шунингдек, иқлим ўзгариши муносабати билан унинг салбий таъсирини камайтиришга оид қатъий чоралар кўрилмаса, бу фожиа бутун дунё миқёсида кўпаяди", - дея огоҳлантирди у. 

БМТ мақоласида Оролнинг қуриши ҳудудда тузни кўпайтириб, у ерларда яшовчи инсонлар саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига жиддий салбий таъсир кўрсатгани таъкидланган.

Гуттериш бу "замонамизнинг энг катта экологик фожиаси" экани ва унинг "инсонлар сайёрани йўқ қилиб юбориши мумкинлиги"га яққол мисол бўла олишини айтган. БМТ бош котиби барчани Орол фожиасидан тўғри хулоса чиқаришга ва уларнинг такрорланмаслиги учун иқлим бўйича Париж келишувига бутун халқаро ҳамжамиятни жалб қилишга чақирди. 

Шу куни Антониу Гуттериш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Улар БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ва минтақавий масалаларини муҳокама қилишди. 

БМТ бош котиби шунингдек Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири Самарқандда ҳам бўлди ва у ердаги аҳоли билан суҳбатлашди.

Мавзуга оид