Жаҳон | 00:29 / 16.06.2017
6174
2 дақиқада ўқилади

Манхэттенда ҳайдовчи одамларни босиб кетиши оқибатида 10 киши жароҳат олди

Фото: Twitter.com/@Breaking911

Нью-Йоркда пиёдалар ҳайдовчи томондан автомобилда босиб кетилиши оқибатида 10 киши жароҳат олди. Бу ҳақда New York Daily News нашри сайтида маълум қилинди. 

Нашр маълумотларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси Манхэттендаги 37-Уэст-стрит кўчаси ва 9-авеню кесишган жойда содир бўлди.

Жароҳатланганлардан бири шифохонага етказилди, қолганларга эса воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.

Полиция бўлиб ўтган воқеа ва жабрланганлар сони ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Гувоҳларнинг айтишича, авария ҳайдовчи светофорнинг сариқ чироғида чорраҳадан ўтиб кетмоқчи бўлганлиги оқибатида юз берган бўлиши мумкин. "Фикримча, ҳайдовчи сариқ чироқни кўриб тезликни оширишга қарор қилган. Унинг машинаси такси билан тўқнашгандан кейин йўналишини ўзгартириб, пиёдалар йўлкасига чиқиб кетган", деб айтган яқин орадаги кафе эгаси Жонни Жордани.

Яна бир кафе ходими Жамол Дайфалланинг маълум қилишича, машина пиёдалар йўлкасига чиқиб кетиб, панжара ва дарахтга урилган, сўнгра эса тезлиги пасайиб, аёлни уриб юборган. 

Шунга ўхшаш воқеа Нью-Йоркда май ойи ўрталарида содир бўлганди. Ўшанда ҳайдовчи ўз автомобилида Таймс-сквер майдонида пиёдаларни босиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлганди, 20 киши жароҳат олганди. Воқеа террорчилик билан боғланмагани қайд қилинган. ЙТҲ сабабчиси 26 ёшли йигит бўлиб чиққан. У ЙТҲни содир этиш вақтида синтетик марихуана таъсири остида бўлган. 

Мавзуга оид