«Интерфутбол» нашри афсонавий футболчи Биродар Абдураимовдан терма жамоанинг сўнгги натижалар ҳақидаги фикрларини сўраб, интервью олди.

Абдураимов Самвел Бабаян мураббийлик қилаётган жамоанинг бир қатор оғриқли нуқталарига тўхталиб ўтган.

Нашр қуйидаги саволлар билан мурожаат қилган:

1. Эрон - Ўзбекистон ўйини ҳақидаги умумий фикрлар.

2. Ўзбекистон терма жамоаси Теҳронда ўтган аввалги баҳсда Эронни мағлуб этган эди. Бу сафар нима ўзгарди - Ўзбекистон кучсизландими ёки Эрон кучайганми?

3. Самвел Бабаян айни вақтдаги таркибни ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси, деб айтган эди. Аммо Эронга қарши кечган баҳсда ўзбек футболи тарихидаги энг кучсиз жамоа майдонга тушди, деган фикрга қўшиласизми?

1. Эрон термасига қарши кечган ўйинда ҳар икки жамоа ўртасидаги фарқ яққол кўриниб қолди. Форсларнинг ҳар бир чизиғида етарлича вариант бор эди. Бизда эса…

Энди бир гап-да - ғалаба қозониш учун ҳужум қилиш керак. Бу ўйинда тайинли ҳужум кўрдикми, ўзи? Бир марта Темурхўжа Абдухолиқов дарвоза томон зарба берганини айтмаса, бошқа вазиятнинг ўзи бўлмади-ку! Игорь Сергеев нима учун майдонга тушганини ўзи ҳам билмаса керак. Умуман, бу ҳужумчи терма жамоага муносиблигининг ўзи битта савол. Терма жамоа деганига даъвогарлар бир-бири билан рақобат қилиши керак, камида 4-5 футболчи бир жой учун курашсин. Бизда вазият қандай? Ҳужумда кимни кўрсата оласиз? Ўзи бир яримта ҳужумчимиз бўлса, ким ўйинни кучайтира олади?

Самвел Бабаян бошқараётган терма жамоанинг кучли учликка кира олишига ҳам шубҳа туғилмоқда. У бизга кўп нарсаларни ваъда қилганди, аммо қани у айтган Осиёда таниқли бўладиган ўйин услуби?

Ҳозир нафақат бош мураббийга, ЎФФга ҳам эътирозлар етарли. Федерация раҳбарияти терма жамоага янги бош мураббий тайинлаш чоғида фахрийлар билан маслаҳатлашса яхши бўларди. Самвел Бабаянга термани топшириш вақтида бизнинг фикримиз билан ҳеч ким қизиқмади. Бутун умри футбол ичида ўтган инсон бошқа иш қила олмайди. Раҳбарият бир оғиз сўраганда, биз ҳам ўз фикримизни айтган бўлардик. Терма жамоани бошқаришга Самвел Бабаяндан бошқа номзод йўқмиди?

Жаҳон чемпионатига чиқиш учун аввало, ўйинимизни кучайтириб, Осиёда ўз ўрнимизга эга бўлишимиз лозим. Эронда кечган баҳс мундиалга номуносиб эканимизни кўрсатиб берди. Ким айбдор? Бу саволга энди ўзингиз жавоб топаверинг. Ҳозир вазият шундайки, футболда суяги қотган, иш кўрсатганлар бир четда томошабин бўлиб турибди. Профессионал футболнинг ичида бўлмаганлар эса бош ролда. Бир ўйлаб кўринг, Карлуш Кейруш қаерда-ю, Самвел Бабаян қаерда? Эрон терма жамоаси бу учрашувни жуда ақлли ўтказди, ҳар бир футболчи аниқ мақсад билан ҳаракат қилди. Бизда эса 3-4 футболчи жон куйдириб ўйнади, қолганлари эса томоша қилиб туришди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳал бўладиган ўйинни ҳам шундай ўтказадими?