2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 393-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорда бакалавриат ва магистратура босқичига талабаларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгиланган.
Шунингдек, қарорда абитуриентларни тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилинишининг тартибига ойдинлик киритилди ва унга кўра кўпчилик абитуриентларни қизиқтириб келаётган саволларга жавоб олиш мумкин.
«Xushnudbek.uz» сайтида абитуриентлар учун мазкур тартибнинг энг асосий жиҳатлари ҳақида маълумот берилган.
Қўшимча контракт натижалари қачон аниқ бўлади?
Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга кадар Давлат комиссиясига киритилади;
Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни кўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади.
Қўшимча контрактда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериши керак?
Етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак. Баллар кетма кетлиги бўйича рўйхатдаги олдинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишни аризаси билан рад этган ҳолда ёки тест синови натижалари эълон қилинган кунидан бошлаб бир ой муддатда ариза бермаганда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.
Кириш балига неча балл етмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқий олади?
Қўшимча қабулга абитуриентлар 2 хил категория бўйича қабул қилинади:
- Тўплаган бали қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар;
- 68 баллдан кўп тўплаган барча абитуриентлар.
Булар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?
Энг аввало улар тўлайдиган контракт нархида кескин фарқ бўлади. Бундан ташқари, тўплаган бали қабул чегарасига 4 баллгача етмай қолган абитуриентларда квотага тушиш имконияти кўпроқ бўлади.















