Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги Учтепа туманига ташриф буюриши ва ушбу сафар чоғида таълим тизимидаги ишларга баҳо бериши, жумладан, 11 йиллик тизимни қайта тиклаш борасида билдирган фикри жамият томонидан илиқ кутиб олинди, десак муболағага йўл қўймаган бўламиз. Хусусан, ушбу мавзу юзасидан оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган фикрлар ҳам ранг-баранг тус олмоқда. Ҳар ким ўз фикрини билдиришга ошиқмоқда.

Кун.uz томонидан ҳам мазкур мавзу тилга олинган бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилинди. Ана шундай мақолалардан бири «Йўқотилган авлод ёхуд 11 йиллик таълим тизими атрофида кечган ўйлар» сарлавҳаси остида берилган бўлиб, унда бу тизимнинг ижобий томони ҳақида сўз боради. Куни-кеча таҳририятимизга келиб тушган мактублардан бирида ушбу мақолага ўзига хос тарзда раддия билдирилган. 

“Ассалому алайкум! Мен доимий равишда Кун.uz сайтини кузатиб бораман. Бугун ҳам сайт янгиликларини кузата туриб, «Йўқотилган авлод ёхуд 11 йиллик таълим тизими атрофида кечган ўйлар» сарлавҳали мақолага кўзим тушди.

Қизиқиб, мақолани ўқиб чиқдим ва очиғини айтганда, жаҳлим чиқди. Мақола муаллифи мақола бошида бу барчаси унинг ўз шахсий фикрлари эканлигини билдирган бўлса-да, лекин мақола орасидаги айрим жумлаларда «барчанинг фикри аслида шундай», маъносидаги гаплар эътиборимни тортди ва мен бу фикрларга ўз эътирозимни билдирмоқчиман. 

Жумладан, мақола муаллифининг «Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, мен ҳам кўпчилик каби шу вақтгача ҳақиқат кўзига тик қарай олмадик. Натижада кўп нарса йўқотдик, ҳа, жуда кўп нарса — бутун бир авлодни йўқотдик. Аниқроқ айтиш ҳам мумкин, одоб-ахлоқ емирилди, ёшлар ўртасида бир неча салбий кўрсаткичлар, жумладан, жиноятчилик ҳам ортди, вояга етмаган ғўр ёшлар илк марта ўқишга киришдаги ва баҳолашдаги тамагирликни ҳамда бандликни таъминлашдаги кўзбўямачиликнинг бевосита гувоҳига айланишди, бу уларнинг мурғак онгида қанчалик асорат қолдирганини ўйлашнинг ўзи даҳшат», деган сўзларига қуйидаги эътирозимни билдирмоқчиман: 

Аслида, сиз ва бошқалар мактаб таълими яна 2 йилга узайганидан эмас, ўзингиз ўқиган, кўниккан таълим тизими қайта тикланаётганидан хурсандсиз, холос. Сиз ва бошқалар 11 йиллик таълим орқали эришиш мумкин бўлган натижаларга эмас, ёшлик пайтларингиз эсингизга тушгани, 1-синфдан то 11-синфгача битта ерда «тош қотиб» ўтирганларингиз хотираси жонланганидан шодланиб кетгансиз.