08:35 / 27.06.2017
11417

Трамп Моди билан учрашди: КХДРга қарши санкциялар, ҳарбий техника ва Ҳиндистонга таклиф

Фото: insider.foxnews.com

АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан қўшма матбуот анжуманида Ҳиндистонга КХДРга қарши санкциялар киритилиши учун миннатдорлик билдирди.

«КХДР режими катта муаммолар келтириб чиқармоқда, буни ҳал қилиш керак, ҳамда, эҳтимол, масала тез орада ўз ечимини топади», - дея маълум қилди Трамп

У Ҳиндистонга «АҚШни қўллаб-қувватлагани ва Шимолий Корея режимига нисбатан санкциялар киритилгани учун» миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида Модининг таъкидлашича, Ҳиндистон ва АҚШ Афғонистондаги вазият бўйича ҳам қалин ҳамкорлик қилмоқда.

«Афғонистондаги беқарорликнинг ўсиши бизнинг ташвишга сабаб бўлмоқда. Ҳиндистон ва Америка Афғонистонда тикланиш ҳамда хавфсизликни таъминлашда катта ўрин тутади», - дея таъкидлаб ўтди Ҳиндистон бош вазири.

Бундан ташқари, Трампнинг хабар беришича, икки давлат ҳарбий-денгиз кучлари Япония билан биргаликда келаси ойда Ҳинд океанида йирик машқлар ўтказади.

«Бизнинг Қуролли кучлар ҳар куни ҳамкорликни мустаҳкамлаш устида ишламоқда. Келаси ойда улар Япония билан биргаликда Ҳинд океанида қачонлардир ўтказилган энг йирик ҳарбий-денгиз машқларида қатнашади», - дея маълум қилди Трамп.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ва Ҳиндистон ҳарбий маҳкамалари терроризм билан курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш устида ҳам ишламоқда.

«Бизнинг ҳар икки миллатимиз терроризм ҳужумига учраган. Ва биз террорчилик ташкилотлари ҳамда радикал мафкурани йўқотишга бел боғлаганмиз. Биз уни йўқ қиламиз – радикал терроризмни», - деган Трамп.

Шунингдек, давлатлар етакчилари шерикликни янада мустаҳкамлашга келишиб олишган.

«Етакчилар давлатлар ўртасида стратегик шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қарор қилишди. Бу ўз ичига террорчилик таҳдиди, Ҳинд-Тинч океани ҳудудидаги барқарорликни таъминлаш, эркин ва адолатли савдони илгари суриш ҳамда энергетика соҳасидаги алоқаларни кучайтиришдир», - дея таъкидлайди Оқ уй.

Ҳиндистон бош вазири эса Трампни Ҳиндистонга оиласи билан ташриф буюришга таклиф қилди. 

«Мен сизни ва оилангизни Ҳиндистонга таклиф қилмоқчиман», - деган Моди Трамп билан учрашув давомида.

Трампнинг иддао этишича, қизи Иванка Ҳиндистонга кузда тадбиркорлар саммитига боришга рози бўлган.

Трамп Моди билан учрашув давомида, Ҳиндистон Қўшма Штатлардан ҳарбий техникани сотиб олаётгани учун ҳам миннатдорлик изҳор этган. 

Трампнинг сўзларига кўра, бошқа давлатлар АҚШдан ҳарбий техникани сотиб олса, Америка ўзини «жуда яхши ҳис этар экан».

«Ҳеч ким ҳарбий техникани бизлардек қилмайди. Бунга яқин ҳам келишгани йўқ», - деган Америка президенти.

Шунингдек, Трампнинг маълум қилишича, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан иккиси «ижтимоий тармоқлардаги жаҳон етакчиларидир».

«Биз бу имкониятларга ишонамиз. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бизнинг мамлакатлар фуқароларига ўзлари сайлаган киши билан тўғридан-тўғри алоқада бўлиш, бизга эса – уларни эшитиш имконини беради», - деган Трамп.

Top